Мамлакат бўйлаб 42 та маиший чиқинди полигони ёпилиб, ер табиатга қайтарилди
Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндиларни самарали бошқариш йўналишида амалга оширилаётган ишлар натижасида 42 та маиший чиқинди полигони фаолияти тугатилди. Бу орқали қарийб 90 гектар ер майдони табиатга қайтарилди.
Мазкур ишлар Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси томонидан республика миқёсида олиб борилди. Қайд этиш керак, 2024 ва 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида жами 47 та маиший чиқинди полигони рекультивация қилинди ва тупроқ қатлами билан ёпилди.


Жорий йил бошидан буён республика бўйича 18 та (81,68 гектар) маиший чиқинди полигонида рекультивация ва тупроқ билан ёпиш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу жараён тўлиқ якунланди.

Жами 185 та чиқинди полигонидан 47 тасида қайта тиклаш ишлари амалга оширилди. Ёпилган 42 та чиқинди полигони натижасида 90 гектардан ортиқ ер майдони табиий ҳолатига қайтарилди, бу эса экотизимни тиклаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Камола Юсупова, ЎзА