Оролбўйи табиати рассомлар нигоҳида

Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлимининг Кўргазмалар саройида “Натура” мавзусидаги кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
“Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва “яшил” иқтисодиёт йили” доирасида ташкил этилган мазкур кўргазмадан 12 нафар маҳаллий рассомнинг табиат гўзаллиги ва она юртга бўлган муҳаббатни акс эттирган 90 дан ортиқ картинаси ўрин олган. Улар орасида устоз рассомлар билан бир қаторда ёш истеъдод эгалари ҳам бор.
Кўргазмани ўтказишдан асосий мақсад қорақалпоқ тасвирий санъатида табиат ва инсон, миллий анъана ва замонавий қараш уйғунлигини намойиш этишдир. Ушбу лойиҳа орқали маҳаллий рассомлар ижодий алоқаларни мустаҳкамлаб, томошабинларга она юртимиз табиатини янгича эстетик жиҳатдан таништиришни кўзда тутади
Кўргазмада Ўзбекистон Бадиий академияси ҳақиқий аъзоси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ рассоми, “Шуҳрат” медали соҳиби Сарсенбай Байбосинов, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари Ажиниёз Худайберганов, Тимур Сулаймонов, Бердақ Бобошев, Жеткер Айбатов, Пўлатжон Абдиреймов, шунингдек Нажмиддин Шукуруллаев, Саламат Бекбаулиев, Тимур Асқаров, Рафатдин Ибраимов, Жамол Тўражанов, Анвар Сейтниязов каби истеъдодли рассомларнинг энг сара асарлари томошабинлар эътиборига ҳавола этилмоқда.
Уларнинг ҳар бир картинаси туғилган юртнинг табиий рангини, кузнинг илиқ нафасини, инсоннинг ички дунёси билан уйғун бўлган бадиий таассуротни ифода этади. “Кузги ранглар”, “Қорақалпоқ қизи”, “Амударёда тонг”, “Қўшиқ”, “Муса Жалий қишлоғида куз” каби асарлар кўргазманинг асосий бадиий ўзагини ташкил қилади.
Кўргазма икки ҳафта давом этади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари















