Шуманай туманида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди

59

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев Шуманай туманида аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Энг аввало республикамиз Раҳбари Бегжап ҚФЙ ҳудудидаги янгидан қурилаётган «Omad Suld» тузни қайта ишлаш корхонасининг қурилиш ишлари билан танишиб, янги корхонанинг ишга тушириш учун барча имкониятларни ишга солиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди ва аниқ вазифалар белгиланди.

Шундан сўнг Маданият МФЙ ҳудудидаги Драйвер 24/7 лойиҳаси асосида қилинаётган ёшлар боғининг қурилиш ишлари билан яқиндан танишди. Бу ерда ёшлар учун маданий дам олиш ва савдо масканлари, байрам тадбирлари ва концерт дастурларини ўтказиш учун очиқ осмон остидаги махсус майдонча ташкил этилмоқда.

Шунингдек, ҳурматли Президентимизнинг 2023 йил 25 декабрь кунги «2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 404-сонли қарори билан 9,4 млрд. сўм маблағ асосида, янгидан қурилган туман тиббиёт бўлимига қарашли кўп тармоқли поликлиникада яратилган шароитлар, шунингдек ички ариқ-зовурларни бетонлаш ишлари кўздан кечирилди.

Туман марказида ташкил этилган ҳунармандлар савдо дўкони фаолияти билан танишди. Объектлар билан танишиш жараёнида республикамиз раҳбари тадбиркорларнинг ўз фаолиятини ривожлантириши учун яқиндан кўмаклашиш, уларнинг муаммоларига ечим топиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.

Шунингдек, тумандаги мавжуд муаммоларни белгилаб олиш мақсадида, кўча оқсоқоллари билан учрашув ўтказилиб, қишлоқ-аймоқларда ўз ечимини кутаётган масалалар бўйича фикр алмашилди.

Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев раҳбарлигида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш йўналишидаги берилган топшириқлар бўйича чора-тадбирлар дастурининг бажарилиши масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги