Суданда даҳшат: шифохонада 460 одам ўлдирилди
Ал-Фашир шаҳридаги бош шифохонада юзлаб тинч аҳоли қатл қилинди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (WHO) раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус маълум қилишича, “Rapid Support Forces” (RSF) жангчилари “Saudi Hospital” ичида 460 одамни ўлдирди. Шифохонада ётган беморлар, уларнинг яқинлари ва тиббиёт ходимлари отиб ташланган, дея хабар берди Судан шифокорлар тармоғи.
RSF жангчилари 18 ойлик қамал ва тинимсиз бомбардимондан сўнг қўлга киритган бу шаҳар Дарфур армияси назоратидаги сўнгги йирик манзил эди. Шаҳар бой берилиши ортидан 250 000 дан кўп бегуноҳ аҳоли вакилининг тақдири хавф остида қолган. Фуқаролар шаҳардан чиқишга уринаркан, қийноқ, калтак ва зўравонликка учраяпти, ўғирлаб кетиляпти, асирга олиниб, катта миқдорда тўлов талаб қилиняпти. Айримлар йўлдаёқ отиб ташланган.
Алоқа узилгани боис вазиятни тасдиқлаш қийин. Видео лавҳаларда RSF жангчилари қуролсиз одамларни отаётгани кўринади. “Бу жой ҳозир ер юзидаги энг ёмон фожиавий нуқта”, — деди собиқ БМТ расмийси Ян Эгеланд. WHO маълумотига кўра, уруш бошлангандан бери Судан бўйлаб 185 тиббиёт муассасасига ҳужум қайд этилган.
БМТ, гуманитар ташкилотлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари вазиятга зудлик билан халқаро эътибор ва аралашув зарурлигини талаб қилмоқда. RSF ҳозир Дарфур ва қўшни Кордофаннинг салмоқли қисмини назорат қиляпти. Ҳукумат армияси эса пойтахт Хартум ва шарқий ҳудудларда қолган. 2021 йил икки томон бир вақтда ҳокимиятни эгаллагани сабабли айни пайт мамлакат парчаланиш арафасида. Судан ҳозир энг қора кунларни бошидан кечирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА