АҚШ ядровий синовни қайта бошламоқчи
Дональд Трамп 30 йилдан ортиқ давом этган танаффусдан сўнг мамлакатда ядровий қурол синовини қайта тиклашни буюрди. Президент айтишича, бу қарор Россия ва Хитой ядровий фаолиятни жонлантириши асносида қабул қилинган.
Америка етакчиси ижтимоий тармоқ орқали “бошқа давлатлар шундай синов ўтказаётгани учун АҚШ ҳам тенг шароитда синов бошлаши кераклиги»ни таъкидлаган. Мамлакат 1992 йилдан бери ядровий портловчи қуролларни синовдан ўтказмаган. Ҳозир эса асосий ядро захирасини такомиллаштиришга мажбурлигини айтиб, зарур жараён дарҳол бошланишини маълум қилди.
Бу эълон РФ ўтган ҳафта “чексиз масофага учиш имконига эга” янги ядровий қуролни синовдан ўтказгани ҳақида баёнот бергандан кейин, шунингдек ХХР ўз ядро қуроли сонини жадал суръатда ошираётгани хусусида маълумот тарқалиши асносида янгради. АҚШ ҳозир тахминан 5 225 ядровий каллакка эга, Россияда бу рақам 5 580. Хитой эса 2030 йилгача шундай қуролларини 1 000 тага етказиши кутиляпти. Трампнинг баёноти глобал ядровий кескинлик кучайган пайтга тўғри келди: АҚШ ва Россия ўртасида ядровий қуролни чеклаш тўғрисидаги охирги шартнома — “New Start” битимининг амал қилиш муддати 2026 йил тугайди.
Айни вазият халқаро хавфсизлик бўйича кескин мунозаралар уйғотмоқда. АҚШ Президенти келажакда синов қаерда ўтказилишига аниқлик киритилишини айтди. Хуллас, ушбу қарор АҚШ – Хитой учрашуви арафасида эълон қилингани глобал сиёсий босим кучайишидан дарак беради.
Мусулмон Зиё, ЎзА