Трамп Шимолий ва Жанубий Корея можаросини ҳал қилмоқчи

116

Жанубий Корея Президенти Ли Чже Мён билан музокара чоғида АҚШ Президенти Дональд Трамп Корея ярим оролидаги муаммони ҳал қилиш учун Шимолий Корея билан ҳамкорлик қилишини айтди.

Унинг таъкидлашича, бу бироз вақт талаб этади, “аммо охир-оқибат ҳамма нарса ҳал бўлади”.

Трампнинг сўзларига кўра, бу гал Америка томони Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан учрашув жадвали бўйича келиша олмади. Шу билан бирга Америка етакчиси КХДР раҳбари билан ораларида “жуда яхши муносабат” борлиги, улар “яхши чиқишаётгани”ни ҳам таъкидлаган.

Россия – Украина уруши ҳақида ҳам гапирган Трамп зиддиятни тўхтатиш ниятини яна бир бор тасдиқлаган: Биз 8 можарони ҳал қилдик. Ечилмаган ягона муаммо – Россия ва Украина. Президент Путин билан илиқ муносабатим туфайли мен буни осон иш, деб ўйлагандим. Маълум бўлишича, масала унчалик оддий эмас экан. Бу муаммони ҳам албатта бартараф қиламиз.

С.Раҳимов, ЎзА