Трамп ва Си Цзиньпин Жанубий Кореяда учрашди

Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ва АҚШ Президенти Дональд Трамп ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Трамп Вашингтон ва Пекин узоқ муддатли ”ажойиб муносабат” ўрнатишини эълон қилди.
– Бугун кўп йиллик дўстим, ҳурматли Хитой раҳбари билан учрашиш мен учун шараф, – деди Оқ уй раҳбари. – Биз изчил музокара олиб борамиз. Менимча, аллақачон айрим масалаларни ҳал қилганмиз ва энди яна кўп мавзулар бўйича келишувга эришамиз. Раис Си буюк давлатнинг буюк раҳбари.
У томонлар савдо бўйича ҳам тил топишиши мумкинлигини қўшимча қилди.
Ўз навбатида, ХХР етакчиси ҳам муҳим савдо ва иқтисодий келишмовчиликларни ҳал қилиш бўйича бир тўхтамга келинганини таъкидлади. Унинг фикрича, Хитой ва АҚШ бир-бири муваффақиятига кўмаклашиш ва умумий фаровонликка эришишга қодир. Шунингдек, Си Цзиньпин Трампнинг Яқин Шарқда ҳамда Камбожа ва Таиланд ўртасидаги тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатини юқори баҳолади. Хитой ва Қўшма Штатлар иккала мамлакат ва дунё манфаати учун янада мазмунли, амалий ва фойдали мақсадларга эришиш учун ҳамкорликда ишлаши мумкинлигига урғу берди.
Шу билан бирга Пекин ва Вашингтон “турли миллий шароитларга эгалиги боис, Хитой ва Қўшма Штатлар ўртасидаги келишмовчилик табиий ҳол» деди. Қолаверса,Чин мамлакати ривожланиши “Американи яна буюк қилиш” қарашига зид эмаслигини таъкидлади.
С.Раҳимов, ЎзА