Ўзбекистон – Финляндия: ҳамкорлик динамикаси

96

Икки мамлакат ўртасидаги дипломатик алоқа 1992 йил 26 февралда – 1991 йил охирида Финляндия Ўзбекистон мустақиллигини тан олгандан сўнг расман ўрнатилди. Ўзаро муносабат бошданоқ дўстлик ва ўзаро ҳурмат асосида, низо ва жиддий келишмовчиликсиз ривожланди.

Дастлабки ўн йилликларда алоқалар нисбатан чекланган эди. Бунинг сабаби масофа узоқлиги ва томонларнинг ташқи сиёсатдаги устуворлиги ўртасидаги тафовут билан боғлиқ. Шундай бўлса-да, ҳамкорликни ривожлантиришга икки томонлама интилиш, ўзаро муносабатнинг ижобий руҳи сақлаб келинди.

2016 йилдан бошлаб – Президент Шавкат Мирзиёев фаол ташқи сиёсат ва ислоҳотлар йўлини эълон қилгач, Ўзбекистон – Финляндия ҳамкорлиги янгича суръат олди. Илгари вақти-вақти билан амал қилган мулоқот механизми жадаллашди. 2018 йил томонлар Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияни қайта тиклашга келишди (ўшангача охирги йиғилиш 2002 йил ўтказилган). Бу қадам мулоқотни жонлантириш ва янги ҳамкорлик йўналишларини излашга туртки берди. Умуман, 2016-2020 йилларда сиёсий алоқалар сезиларли даражада кенгайди, муносабатнинг шартномавий-ҳуқуқий асоси мустаҳкамланди, шерикликнинг янги йўналишлари белгиланди. Тошкентда Финляндиянинг доимий дипломатия ваколатхонаси йўқлиги делегацияларнинг ўзаро ташрифи ва халқаро майдондаги учрашувлар ҳисобига алоқаларни кучайтиришга тўсқинлик қилмади.

Сиёсий жиҳат, халқаро позиция

Сўнгги йилларда ташқи сиёсат идоралари ўртасида мунтазам маслаҳатлашув ўтказилмоқда, парламентлараро алоқа қўллаб-қувватланмоқда, юқори даражали мулоқот йўлга қўйилган. 2025 йил июнь ойида Eвропада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси – Финляндия ташқи ишлар вазири Элина Валтонен Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди. Президент Шавкат Мирзиёев ва ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов билан музокараларда ҳамкорликни, жумладан, “Ўзбекистон – EХҲТ” форматида ҳам янада чуқурлаштириш масаласи муҳокама этилди. Тузилма билан алоқалар самарали ривожланаётгани таъкидланди: EХҲТ кўмагида Ўзбекистон сайлов тизими замонавийлаштирилмоқда, ОАВ эркинлиги таъминланмоқда, гендер тенглик ва ёшлар сиёсати илгари сурилмоқда. Шунингдек, “яшил” кун тартиби амалга оширилмоқда. Жорий йил EХҲТга раислик қилаётган Финляндия республикамиздаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини тасдиқлади ва барқарор ривожланиш ҳамда иқлим хавфсизлиги масалаларига устувор эътибор қаратиш муҳимлиги борасидаги нуқтаи назарни маъқуллади. Умуман, Финляндия ҳукумати Тошкентнинг эркинлаштириш ва очиқлик сиёсатини юқори баҳоламоқда, Ўзбекистоннинг халқаро тузилмаларга қўшилишига дипломатик кўмак бермоқда.

Кўп томонлама шаклда ҳам ҳамкорлик фаоллашмоқда. Финляндия Ўзбекистоннинг БМТ ва ЕХҲТдаги ташаббуслари, айниқса Марказий Осиё барқарорлиги ва Афғонистонга ёрдам масаласида қўллаб-қувватламоқда. Тошкент минтақавий марказ ва тинчлик ўрнатиш воситачиси сифатида Афғонистонни минтақа иқтисодий лойиҳаларига жалб этишни таклиф қилмоқда, дипломатия ва тинчликпарварликда бой тажрибага эга Финляндия бу саъй-ҳаракатни маъқулламоқда. Ҳар икки давлат зиддиятларни тинч йўл билан ҳал этиш ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя қилиш тарафдори – бундай тамойилли ёндашув яқиндагина бўлиб ўтган Президентларнинг телефон суҳбатида яна бир бор тасдиқланди.

Глобал иқтисодиёт соҳасида мамлакатлар позицияси кўп жиҳатдан мос. Европа Иттифоқи аъзоси сифатида Финляндия Ўзбекистоннинг жаҳон савдо тизимига интеграциялашув бўйича интилишини қўллаб-қувватламоқда. Диққатга сазовор жиҳати, Тошкент 2026 йилгача Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишни мақсад қилган ва европалик ҳамкорлар, жумладан Финляндия, бу жараёнда маслаҳат ёрдамини аямаяпти. Бундан ташқари, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, барқарор иқтисодий ўсиш ва табиий ресурсларни самарали бошқариш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу давлат республикамизни 2021-2024 йилларга мўлжалланган Ривожланишга кўмаклашиш дастури устувор мамлакатлар қаторида эътироф этади. Ушбу дастур доирасида Ўзбекистон (Қирғизистон ва Тожикистон билан бирга) учун умумий ёрдам бюджети тахминан 25 миллион еврони ташкил этади. Бундай қўллаб-қувватлов аниқ вазифаларни ҳал қилишга ёрдам беради. Масалан, Финляндия БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама Траст фондига 1 миллион евро ажратгани Хельсинкининг ислоҳотларимизга юксак ишончини намоён этади.

Савдо ва иқтисодиёт – устувор соҳалар

Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик сўнгги йилларда изчил кенгаймоқда. Ўзаро савдо ҳажми ҳозирча камтарона бўлса-да, ўсиш суръати эътиборга лойиқ. 2024 йил товар айирбошлаш аввалги йилга нисбатан 24 фоиз ошди. 2018-2023 йилларда Финляндиянинг Ўзбекистонга экспорти 40 миллион доллардан 87,6 миллион еврога етди. Бу 2022 йилдаги кўрсаткичдан (48,5 миллион евро) қарийб икки баробар кўп. Бу давлат бизга асосан машинасозлик ускуналари, электр мотори, кимё ва қоғоз саноати маҳсулотлари етказиб беради. Ўзбекистоннинг Финляндияга экспорти ҳам юқори ўсиш суръатини намойиш этмоқда: 2023 йил финляндиялик импортчилар ўзбек товарларини тахминан 4,8 миллион еврога харид қилган бўлса, ўтган йил ўзбек экспорти ҳажми уч баробардан кўпроқ ошиб, 15 миллион евролик чегарадан ўтди. Ушбу экспортнинг асосини нефть маҳсулотлари, ноорганик кимёвий моддалар ва металл буюмлар ташкил этди. Европа компаниялари Марказий Осиё янги бозорларига мурожаат қилиш орқали илгари Россиядан келтирилган маҳсулотлар ўрнини қисман босиши билан боғлиқ.

Икки мамлакат ҳамкорликнинг энергетика (қайта тикланадиган манбаларни ҳам қўшган ҳолда), яшил технология ва экология, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, геология ва фойдали қазилмалар қазиб олиш, транспорт ва рақамли инфратузилма, шунингдек кимё саноати каби энг истиқболли йўналишларини белгилаб олди. Таълим ва инновация соҳаси эса алоҳида эътиборга молик: Ўзбекистон соҳадаги юқори стандартлари билан танилган Финляндия таълими илғор ечимларига катта қизиқиш билдирмоқда. 2022 йил сентябрда Тошкентда Халқаро “Nordic” университети – ушбу мамлакат модели асосида фаолият юритадиган биринчи хусусий ўзбек-фин олий ўқув юрти очилди. Муассаса Карелия амалий фанлар университети раҳбарлигидаги фин ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, фин ўқитувчилари иштирокидаги, жумладан икки томонлама диплом дастурлари (масалан, 2+2 ва 3+1 тизимлари, бунда ўқишнинг бир қисми Финляндияда ўтказилади) таклиф этади. Муваффақиятли фаолият юритиб келаётган, талабаларнинг дастлабки гуруҳлари аллақчон ўқишни битирган мазкур билим даргоҳи тажриба алмашиш учун Финляндия компаниялари ва таълим тузилмаларини бирлаштирган ўзига хос марказ вазифасини ҳам бажармоқда.

Инвестиция ҳамкорлиги ҳам ривожланмоқда. 2017 йилдан кейин Ўзбекистонда бизнес муҳитини яхшилаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар бошлангач, фин тадбиркорлари республика бозорига кўпроқ қизиқа бошлади. Ишбилармон доиралар маълум қилишича, фин компаниялари инфратузилмани модернизация қилиш, сув хўжалиги, қайта тикланадиган энергетика ва агросаноат мажмуасини ривожлантиришга ҳисса қўшиш имкониятини кўриб чиқмоқда. 2022 йил ноябрь ойида Тошкентда “Finnpartnership” дастури ва “EastCham Finland” уюшмаси кўмагида ташкил этилган йирик Ўзбекистон – Финляндия бизнес-форумида “яшил” технология, энергетика, сув ресурсларини бошқариш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган хориж фирмалари иштирок этди. Томонлар икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни фаол кенгайтиришга келишиб олди, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Марказий Осиё билан ишлайдиган бизнесни бирлаштирган “EastCham Finland” ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот йўлга қўйилди. Демак, иқтисодий алоқалар оддий савдо-сотиқ доирасидан чиқиб, саноат ҳамкорлиги ва қўшма инвестицияларга кўчмоқда.

Таълим ва инновация

Таълим соҳаси Ўзбекистон – Финляндия ҳамкорлигининг асосий йўналишларидан бири. 2024 йил 22 февралда Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Финляндия Миллий таълим агентлиги (EDUFI) ўртасида фин тажрибасига асосланган ҳолда мамлакатимиз таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ушбу келишув доирасида илғор методика алмашиш, стажировкалар ташкил этиш ва янги ўқув дастурлари ишлаб чиқиш йўлга қўйилган. 2024 йил декабрь ойидаёқ Ўзбекистон таълим тизими 34 ходими Финляндия мактаблари иш тажрибаси ва ўқитиш услубини ўрганиш мақсадида Хельсинкида бўлди. Фин экспертлари ва Хельсинки университети профессорлари доимий равишда маслаҳат ёрдами кўрсатмоқда: мактаб дастурлари, ўқитувчиларни тайёрлаш ва педагоглар малакасини ошириш бўйича тажриба алмашиляпти.

Бошқарувчилар ва ўқитувчилар даражасида ҳам фаол алмашинув мавжуд. Юқорида тилга олинган EDUFI меморандуми доирасида фин томони услубчиларимиз ва таълим маъмурларимиз учун мунтазам тренинг ва амалиёт ўтмоқда. Шу тариқа илғор хорижий тажриба мактабларимизга жорий этилади. Бошқа қўшма ташаббуслар ҳам амалга оширилмоқда: масалан, алоҳида грант дастурлари орқали инклюзив таълим ривожлантириляпти, инглиз тилини ўқитиш жараёни такомиллаштирилмоқда. Хуллас, таълим тизимининг барча бўғинларида фин амалиёти жорий этилишини таъминлайдиган, мактабдан олий ўқув юртлари ва бошқарув идораларигача ҳамкорликнинг яхлит “занжир”и ҳосил қилинмоқда.

Тошкентдаги Халқаро “Nordic” университетидан ташқари, олий таълим соҳасида яна бир қўшма лойиҳа амалга оширилди. 2021/22 ўқув йилидан бошлаб Самарқанд давлат университети қошида ҳукуматимиз қарори билан ташкил этилган Ўзбекистон – Финляндия педагогика институти фаолият бошлади. Бу ерда ўқув жараёни Турку университети ҳамда бошқа ихтисослашган муассасалар билан ҳамкорликда фин таълим дастурлари ва технологиялари асосида ташкил этилган. Мазкур институтда замонавий таълим-тарбия усулларини эгаллаган янги авлод педагоглари тайёрланади, ўқитувчилар малакасини ошириш курслари ўтказилади. Самарқандда ушбу институт очилиши билан қатор педагогик йўналишлар бўйича талабалар қабули СамДУнинг умумий танловидан бевосита янги олий ўқув юртига ўтказилди. Бу ўқув муассасасининг алоҳида мақомини таъкидлайди.

Финляндия таълим технологияларини Ўзбекистонда илгари суриш учун ишбилармонлар ҳам жалб этилмоқда. 2023 йил февраль ойида “Team Finland” дастури доирасида 40 дан зиёд тадбиркорни бирлаштирган нуфузли делегация Тошкентга келди. Гуруҳ таркибида “EdTech” компаниялари ва университетлари вакиллари бор эди. “EastCham Finland” жамоаси эса лойиҳада ташкилий ҳамкор сифатида иштирок этди. Сафар давомида тегишли вазирлар иштирокида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, махсус сессиялар ўтказилди. Фин томони мактаблар ва олий ўқув юртлари учун энг яхши рақамли ечимлар таклиф этди, B2B ва B2G учрашувлари ташкил этилди. Бундай ишбилармонлик миссиялари ва қўшма таълим форумлари сиёсий келишувни аниқ лойиҳалар билан уйғунлаштириш имконини беради. Натижада биргаликдаги саъй-ҳаракатлар таълим сифатини ошириш, узоқ муддатли иқтисодий манфаат, модернизациялашаётган иқтисодиёт учун кадрлар тайёрлаш каби эзгу мақсадларга хизмат қилиб, Ўзбекистон – Финляндия ҳамкорлиги “ташриф қоғози”га айланади.

Ҳамкорликнинг дипломатик механизми

Давлат раҳбарларининг ўзаро муносабатлари ҳамкорликни ривожлантиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Президентларнинг юқорида таъкидланган телефон суҳбати ва Финляндия етакчисининг юртимизга режалаштирилган тарихий илк расмий ташрифи – олий даражадаги дипломатик воситадир. Бу ташриф муносабатларни сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди, давлат раҳбарлари эътиборини талаб қиладиган масалаларни ҳал этиш имконини яратади. Суҳбат давомида Президентлар аниқ лойиҳаларни муҳокама қилиш баробарида шерикликнинг стратегик аҳамиятини таъкидлаб, халқаро масалалар юзасидан фикр алмашдилар. Бундай бевосита мулоқот муносабатларни янада чуқурлаштириши шубҳасиз.

Президент А.Стуббнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи ҳамкорликни янги босқичга кўтариши шубҳасиз. Ушбу тарихий воқеа доирасида инвестицияни ўзаро ҳимоя қилиш, илмий-техникавий, туризм ва маданият соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида қатор ҳукуматлараро битимлар имзоланиши кутиляпти. Натижада шерикликнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланади. Тошкентда Финляндия маданий-маърифий маркази ёки “Business Finland” ваколатхонасини очиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда. Бу бевосита алоқалар ўрнатиш ва лойиҳалар амалга ошириш жараёнини енгиллаштиради. Ташриф агросектор (фин суғориш тизими ва иссиқхона технологиясини жорий этиш) ва кимё саноати (ўғит ишлаб чиқариш ёки хом ашёни қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш) каби соҳаларда тижорат шартномалари тузилиши билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Шундай қилиб, ҳукуматлараро комиссия ва сиёсий маслаҳатлашувдан тортиб, бизнес-форум ва давлат раҳбарлари шахсий алоқаларигача бўлган кўп қиррали механизмлар уйғунлашуви Ўзбекистон – Финляндия ҳамкорлиги изчил ва самарали ривожланишини таъминлайди. Шаклланган бундай тизим нафақат қўшма ташаббусларни илгари суриш, балки юзага келиши мумкин бўлган келишмовчиликларни ўз вақтида дипломатик йўл билан ҳал этиш имконини беради.

Муносабатлар ривожланиши истиқболи

Эришилган ютуқлар ва ҳозирги тенденциядан Ўзбекистон – Финляндия муносабатлари истиқболли экани аёнлашади. Яқин йилларда савдо-иқтисодий алоқалар янада кенгайиши кутиляпти. Икки мамлакат иқтисодиёти кўп жиҳатдан бир-бирини тўлдиради: Ўзбекистон ўсиб бораётган бозор, бой табиий ресурслар ва ёш ишчи кучини таклиф қилса, Финляндия илғор технология, инвестиция ва бошқарув тажрибасини тақдим этади. Жорий суръат сақланиб қолса, товар айирбошлаш энергетика, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида янги шартномалар амалга ошириш ҳисобига бир неча юз миллион долларгача ўсиши мумкин.

Ҳозирнинг ўзидаёқ ҳамкорлик чуқурлашиб бораётганини кўрсатувчи қатор янги қўшма лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Масалан, Ўзбекистоннинг “Perfectum” оператори Финляндиянинг “Finnvera” экспорт-кредит ташкилоти кўмагида “Nokia” компанияси ускуналарини етказиб бериши орқали Марказий Осиёдаги биринчи умуммиллий                            5G тармоғини барпо этмоқда. Тошкентда тармоқнинг тижорий ишга туширилиши 2024 йил охирида амалга оширилди. Айни пайт 2025 йил охиригача Ўзбекистон аҳолисининг                  50 фоизини қамраб олиш мақсадида тармоқ босқичма-босқич кенгайтирилмоқда. Энергетика соҳасига келсак, Финляндиянинг “Wärtsilä” компанияси “Finnvera” кўмагида мамлакатимизга электр станцияларини модернизация қилиш учун ускуна ва дастурий таъминот етказиб бермоқда, “Aksa Enerji” билан бирга Тошкент ва Бухоро вилоятларида лойиҳалар амалга оширмоқда. Тоғ-кон металлургия мажмуасида “Metso” концерни билан ҳамкорлик кенгаймоқда – Олмалиқда ташкил этилаётган мис эритиш кластери учун технология (жумладан, йирик мис эритиш заводи ва иккита сульфат кислотаси ишлаб чиқариш учун ускуналар) етказиб бериш бўйича қатор шартномалар имзоланди. Бу экологик тоза усулда мис ишлаб чиқаришни кўпайтириш имконини беради. Сув ресурслари ва экология соҳасида “Econet” ва EPSE фирмалари оқова сувни тозалаш ва саноат чиқиндисини қайта ишлаш бўйича ечимлар таклиф этмоқда. 2025 йил республикамиздаги металлургия корхоналаридан бирида EPSE технологиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган тажриба лойиҳаси оқова сувни тозалашда реагент сарфини 60 фоиз камайтириш имконини берди. Бу эса янада тоза ишлаб чиқариш имкониятини намойиш этди.

Ўрта муддатли истиқболда давлатимизнинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Бу жараёнда Финляндия Ўзбекистон манфаатлари “ҳимоячиси”га айланиши мумкин. Ўзбекистон ислоҳотлар мезонини бажариб борган сари, Хельсинки Брюсселда республикамизни қўллаб-қувватлашда давом этиш зарурлигини ишончли тарзда асослаб бера олади. Масалан, GSP+ савдо имтиёзи режимини сақлаб қолиш ва кенгайтириш ёки ЕИ билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (EPCA)ни имзолаш ва ратификация қилишни тезлаштириш мумкин. Бу ҳар икки томон учун фойдали бўлган Европадан кўпроқ сармоя ва технология кириб келишига йўл очади. Юртимизда ўзини илғор сифатида кўрсатган Финляндия компаниялари умумевропа ташаббусларини илгари суриш орқали, масалан ЕИнинг Европа ва Осиё ўртасидаги инфратузилмавий алоқани ривожлантириш бўйича “Global Gateway” стратегияси доирасидаги фаолиятини кенгайтира олади.

Халқаро майдонда Ўзбекистон ва Финляндия ўзаро минтақавий масалаларни мувофиқлаштириб боради. Афғонистон босқичма-босқич барқарорлашса, иккала давлат тикланиш лойиҳаларида иштирок этади: Ўзбекистон географик яқинлик ва маҳаллий хусусиятлар туфайли, Финляндия эса эксперт ва молиявий ёрдам билан. Бундай жуфтлик, масалан, афғон ёшлари учун таълим дастурларини ёки БМТ саъй-ҳаракатига мос келадиган Афғонистонда қайта тикланадиган энергия лойиҳаларини биргаликда амалга ошириши мумкин. EХҲТ доирасида омбудсман институтини ривожлантириш, журналистларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон дастурларининг фаол иштирокчиси ва ташаббускори сифатида Финляндия асосий донор ва модератор ролдини бажаришда давом этади. Хавфсизликка таҳдид кучайган ҳозирги шароитда Хельсинки ва Тошкентнинг муваффақиятли ҳамкорлиги орқали Ғарб ва Марказий Осиё мулоқотининг бундай формати мавжуд ишончни мустаҳкамлайди.

Шундай экан, ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Финляндия шериклиги бундан кейин ҳам мустаҳкамланиб бораверади. Энг муҳими, ҳар икки томон ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда.

Абдуазиз Хидиров,

ЎзА шарҳловчиси