Она тили — миллатнинг руҳи ва ғурури

155

Ҳар бир миллатнинг энг катта бойлиги — унинг тилидир. Тил — миллатнинг руҳи, тарихини, маданиятини ва қадриятларини авлоддан-авлодга етказувчи муқаддас воситадир.

Шу сабабдан 1989 йил 1-декабрь санаси Қорақалпоқ халқи учун унутилмас тарихий кун сифатида эъзозланади. Чунки айнан шу кунда қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилди. Бу йил ана шу улуғ воқеага 36 йил тўлмоқда.

Бугун биз, ёш авлод, ушбу сана орқали ўз миллий қадриятларимизга, она тилимизга бўлган муҳаббат ва ҳурматни яна бир бор юрагимизда ҳис этамиз. Қорақалпоқ тили — бизнинг миллат сифатидаги ўзлигимизни белгилайдиган, бирлигимиз ва ғуруримизни ифода этувчи тимсолдир.

Ҳозирги кунда давлатимизда тилни ривожлантириш, унинг нуфузини ошириш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Таълим муассасаларида қорақалпоқ тили ва адабиёти чуқур ўқитилмоқда. Ёшлар орасида она тилида ижод қилиш, илмий иш олиб бориш, маданий тадбирларда фаол қатнашиш анъанага айланиб бормоқда. Бу эса тилнинг нафақат сақланиб қолиши, балки янги босқичда ривожланишидан далолат беради.

Мен, бир талаба сифатида, қорақалпоқ тилида эркин сўзлашиш ва ёзиш имкониятига эга эканимдан ғурурланаман. Она тилим орқали мен ўз тарихимни, халқимнинг бой маданиятини, адабиёти ва анъаналарини англайман. Биз ёшлар бу тилни нафақат севишимиз, балки уни асраб-авайлаб, келажак авлодларга соф ва бой ҳолда етказиш учун масъул эканлигимизни ҳам унутмаслигимиз керак.

Қорақалпоқ тили — бу нафақат алоқа воситаси, балки миллатнинг қалби ва руҳи. Унинг ҳар бир сўзида тарих, маданият ва миллий ғурур яшайди.

Дилафруз Қалбаева,

Бердақ номидаги ҚДУ университети юридика факультетиниң сиёсатшунослик ихтисослиги 2-курс талабаси.