Ким меҳнатни севса…

106

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида 11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни муносабати билан маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари, Меҳнат инспекцияси бошлиғи Қ.Қирғизалиев, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси, Жўқорғи Кенгес депутати У.Жалменов ва бошқалар сўзга чиқиб, касаба уюшмалари тизимининг мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардаги ўрни, ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва меҳнат маданиятини оширишдаги аҳамиятини таъкидлади.

Учрашув давомида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича олий ўқув юртлари орасида филиалнинг 3-курс талабаси П.Жуманова «Касаба уюшмаси стипендияси» ғолиби сифатида эътироф этилди. Талабага сертификат тантанали равишда топширилди.

Ушбу стипендия республикада белгиланган энг кам иш ҳақининг икки баробарида белгиланиб, 2026 йилнинг январь ойидан бошлаб олти ой давомида ҳар ойда тўлаб борилади.

– Бу мен учун катта шараф ва масъулият. Бу эътибор мени янада билимга чанқоқ, фаол ва жамоага наф келтирадиган мутахассис бўлиш учун куч бағишлайди. Касаба уюшмалари ёшларни қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутмоқда, биз эса бу ишончни амалий натижалар билан оқлашга ҳаракат қиламиз, – дейди П.Жуманова.

Филиалдаги ушбу учрашув ёшлар онгида меҳнатга ҳурмат, жамоавий масъулият ва фидойилик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги