Халқимиз севган мусиқали комедия яна саҳнада

93

 

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида таниқли драматург С.Хўжаниёзовнинг «Севмаганга суянма» номли мусиқали комедияси намойиш этилди.

Бу спектакль инсон туйғуларининг ранг-баранг жилоси, муҳаббат ва адашиш, кечирим ва поклик ҳақида куйланган ҳаётий саҳна асари бўлиб, у томошабинни бир вақтнинг ўзида ҳам кулдириб, ҳам ўйлантириб қўйди. Қаҳрамонлар тақдири орқали ҳар бир одам ўзини топгандай бўлди, саҳна воқеалари эса томошабин қалбига илиқлик олиб кирди.

Спектаклни Ўзбекистон халқ артисти, Бердақ номидаги давлат мукофоти совриндори Н.Ансатбаев саҳналаштирган.

Спектакль якунида режиссёр Н.Ансатбаев ва театр директори П.Мамутовлар сўзга чиқиб, санъат усталарига самимий миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, актёрларнинг фидокорона меҳнати, саҳнага олиб чиққан образларидаги жонли ҳис-туйғулар ва томошабинга ҳадъя этган илиқ туйғулар учун чуқур миннатдорлик билдириб, уларнинг ижодий парвози янада юксак чўққиларга кўтарилишини тилади.

– Ушбу спектакль шу кунгача 500 мартадан зиёд саҳналаштирилган. Спектакль якунида залда олқишлар узоқ вақтгача давом этди. Томошабинлар актёрларнинг маҳоратига қойил қолиб, уларни олқишларга кўмиб ташлади. Ҳар бир чиқишдан сўнг саҳнага узатилган гулларнинг сонига етиб бўлмасди – актёрларнинг қўллари гулларга тўлиб, уларнинг юзида чин юракдан қувонч, қалбида эса томошабиннинг меҳр-муҳаббати тафти акс этди, – дейди театр директори П.Мамутов.

Бир сўз билан айтганда, «Севмаганга суянма» – қалбларга қувонч, юзларга табассум, дилларга эса илиқлик олиб кирган мусиқали комедия бўлди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги