Александр Вучич: Имкон қадар тезроқ Ўзбекистонни кўриш учун келинглар!
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди. Олий мартабали меҳмон рафиқаси билан 29 октябрь куни Тошкент шаҳрида барпо этилган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Ташриф асносида Сербия Президентининг Ислом меъморчилигининг ҳақиқий дурдонаси ва Ўзбекистоннинг Учинчи уйғониш даври тимсоли саналган мажмуадан олган таассуротларига қизиқдик.
– Ислом цивилизацияси марказида бугун кузатувчи ва ўрганувчи меҳмонлар кўп бўлди, у ердаги ноёб ёдгорликларнинг очиқ намойиш этилаётгани учун мен Президентингизга миннатдорлик билдираман, – дея фикрини билдиради Президент Александр Вучич. – Бу нафақат хорижлик меҳмонлар учун, балки юртингиз ёшлари учун ҳам жуда катта аҳамиятга эга мажмуа. Чунки улар марказда мамлакатингиз тарихи билан бирга, Ислом тарихини ҳам чуқур ўрганишади. Бу ерда мен бугун жуда кўп нарсани ўргандим ва, албатта, яна қайтаман. Бу жойнинг яратилиши, ташкил этилиши ва одамларга қандай тақдим этилаётганига гувоҳман. Дарҳақиқат, барчаси ниҳоятда замонавий ва ажойиб усулда амалга оширилган, мен бунга ўхшашини илгари кўрмаганман.
– Александр Вучич Жаноби олийлари, Сиз ташрифингиз доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашдингиз. Мазкур учрашув чоғида қандай ташаббусларни илгари сурдингиз? Натижалардан қониқдингизми?
– Ҳозиргача эришган натижаларимиздан жуда мамнунман. Кеча келгусидаги ҳамкорлигимиз бўйича қўшма декларация, шунингдек, бир неча ҳужжатлар имзоланди. Умид қиламанки, Ўзбекистон ҳудудида ўтказиладиган ҳукуматлараро комиссиядан сўнг имкон қадар тезроқ Президент Шавкат Мирзиёевни Белградда меҳмон қилишга муяссар бўламиз. Бу бизнинг турли соҳалардаги ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
– Сиз илгари журналист сифатида ҳам ишлагансиз, бу қисқа давр бўлган, биз бунга катта ҳурмат билан қараймиз. Сиз билан суҳбатлашиш – биз учун шараф, ҳамкасбимиз ҳам саналасиз. Агар Ўзбекистонга журналист сифатида ташриф буюрганингизда, ўз репортажингизни нимадан бошлаган бўлардингиз?
– Мен барча ватандошларимга шундай дердим: “Азизларим, мен жуда катта хато қилганман, чунки бу мамлакатга илгари ҳеч қачон келмаганман. Илтимос, имкон қадар тезроқ Ўзбекистонни кўриш учун келинглар”.
– Самимий суҳбат учун ташаккур!
ЎзА