Суд ва нотариуслар ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда

149

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш — ҳар қандай демократик давлатнинг асосий қадриятидир.

Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқларни амалда таъминлашда суд ва нотариат тизимлари муҳим ўрин тутади. Улар фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, адолатни қарор топтириш ҳамда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда бир-бирини тўлдирувчи муҳим тизим ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Нотариал палатаси ўртасида 2025 йил 4 сентябрь куни имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги Келишув бу йўналишдаги ҳамжиҳатликни янги босқичга олиб чиқди.

Ҳужжатнинг асосий мақсади — суд ва нотариуслар ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, амалиётда учраётган муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қўшма таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Мазкур Келишув ижросини таъминлаш доирасида Қорақалпоғистон Республикаси судида “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлашда суд ва нотариатнинг ҳамкорлиги” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари А.Керимбаев, Нотариал палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи З.Яхипов, фуқаролик ишлари бўйича судьялар ҳамда хусусий амалиётдаги нотариуслар иштирок этишди.

Тадбирда суд ва нотариат тизимларининг ўзаро ҳамкорлиги фуқароларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишда қандай ўрин тутаётгани ҳақида фикр алмашилди. Шунингдек, Конституцияда белгиланган эркинлик, тенглик ва бағрикенглик тамойиллари, мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги, мерос ҳуқуқини расмийлаштириш, уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқлари каби масалаларда амалий мисоллар асосида муҳокамалар олиб борилди.

Аниқ таклиф сифатида нотариал жараёнларни рақамлаштириш, фуқаролар учун электрон хизматлар доирасини кенгайтириш ҳамда суд-ноториус ҳамкорлигини ягона ахборот тизими асосида ташкил этиш масалалари илгари сурилди.

Учрашув якунида иштирокчилар ўртасида қизғин савол-жавоблар бўлиб ўтди. Муҳокамалар давомида суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаётгани таъкидланди.

Тадбир сўнггида келгусида бу каби мулоқот ва ҳамкорлик майдонларини мунтазам ташкил этиш, қонунчилик ва амалий иш тажрибасидаги муаммоларни биргаликда ҳал этиш бўйича тавсиялар берилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА