Йирик корхоналар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни қалб қилиш тизими такомиллаштирилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни қалб қилиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Йирик корхоналар билан боғлиқ хатарларни бошқариш бўйича мувофиқлаштирувчи комиссия ташкил этилади.
Қуйидагилар Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланди:
алоҳида мониторингни талаб этувчи тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар рўйхатини тасдиқлаш;
йирик қарздорлар томонидан жалб қилинаётган банк кредити ёки ташқи қарз ҳисобидан молиялаштирилиши таклиф этилаётган лойиҳа бўйича тақдимотларни кўриб чиқиш;
банк кредити ёки ташқи қарзларнинг жалб этилишини маъқуллаш ёки рад этиш бўйича қарорлар қабул қилиш ҳамда ушбу маблағлар ҳисобидан молиялаштирилган лойиҳалар натижадорлигини ўрганиш;
йирик қарздорларнинг молиявий ҳолатини мунтазам мониторинг қилиш ҳамда молиявий ҳолати ёмонлашганда уларни молиявий соғломлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
Қарор билан:
Йирик қарздорлар билан боғлиқ хатарларни бошқариш бўйича мувофиқлаштирувчи комиссия таркиби;
Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
2026 йил 1 январдан бошлаб йирик қарздорлар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилиш, улардан фойдаланиш ва уларнинг миқдорини мақбуллаштиришни мониторинг қилишнинг қуйидаги механизмлари жорий этилади:
йирик қарздорларни уларнинг молиявий ҳолатига кўра “паст хатарли”, “ўрта хатарли” ва “юқори хатарли” гуруҳларга тоифалаш ҳамда ушбу тоифалардан келиб чиққан ҳолда, уларга банк кредити ва ташқи қарз ажратишнинг тартибини белгилаш;
Мувофиқлаштирувчи комиссия томонидан банк кредити ва ташқи қарзлар бўйича йирик қарздорлар мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан даврий мониторингни амалга ошириш;
йирик қарздорларнинг йил якуни бўйича молия-хўжалик фаолиятини халқаро аудиторлик тармоқларига ва халқаро уюшмаларига аъзо бўлган аудиторлик ташкилотлари томонидан аудиторлик текширувидан ўтказиш, мазкур қарор қабул қилинган санадан олдин танлаб олинган аудиторлик ташкилотлари бундан мустасно;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, йирик қарздорларнинг молиявий қарзлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларнинг техник- иқтисодий асосларини ва бошқа ҳужжатларини ваколатли органларда экспертизадан ўтказишда Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг молиявий қарзни жалб этиш бўйича ижобий хулосаси ёки унинг хабардор қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилгандан кейин амалга ошириш;
йирик қарздорларнинг банк кредити ва ташки қарзлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар, ташқи қарз битимлари ва кредит шартномалари бўйича мажбуриятларининг бажарилиши билан боғлиқ бўлган маълумотлари ҳар чорак якуни билан Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг ишчи органига тақдим этиш;
Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг тегишли ишчи органи томонидан йирик қарздорларнинг амалдаги ташқи қарз битимлари ва кредит шартномаларининг молиявий шартларига (ковенантларига) риоя этишини мониторинг қилиш;
йирик қарздорларнинг молиявий ҳолати ёмонлашиб, улар томонидан жалб этилган молиявий қарзлар бўйича битимлар шартлари лозим даражада бажарилмаганда, Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг қарздорларга нисбатан мазкур қарор билан белгиланган ваколат доирасида тегишли чора-тадбирларни назарда тутувчи қарорни қабул қилиши;
Мувофиқлаштирувчи комиссия тасдиклаган алоҳида мониторингни талаб этувчи тизимли аҳамиятга эга йирик қарздорлар рўйхатига киритилган йирик қарздорлар томонидан чораклик молиявий ҳисоботларни тақдим этиш талабини ўрнатиш;
масъулияти чекланган жамиятлар шаклидаги йирик қарздорлар томонидан банк кредитлари ва ташқи қарзларни жалб этишга уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини акциядорлик жамиятларига ўзгартирган ҳамда фаолиятини акциядорлик жамиятлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ташкил этган ҳолларда рухсат этиш.
ЎзА