Ички ишлар вазири Халқаро полиция саммитида иштирок этди

104

Сеул шаҳрида Корея Республикаси Миллий полиция агентлиги томонидан бешинчи Халқаро полиция саммити ташкил этилди. Полиция органлари ўртасида анъанавий тарзда ташкил этиб келинадиган энг йирик тадбирлардан бири бўлган мазкур саммитда 30 дан ортиқ хорижий давлатнинг 90 нафардан ортиқ вакили иштирок этди.

Саммитда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди.

Саммит иштирокчилари дунёда рўй бераётган таҳликали жараёнларда полицияга оид истиқболдаги йўналишларни белгилаш, рақамли трансформация даврида келажакдаги полиция фаолиятидаги муаммоларни аниқлашга эътибор қаратди.

Шу билан бирга, инновацион сиёсат ва қарашларни муҳокама қилиш, дунё полиция ҳамжамияти билан ўзаро икки ва кўп томонлама муносабатларни ривожлантириш ҳамда келгусида жамият учун мос келадиган полиция стратегиясини яратиш учун интеграциялашган ғояларни ишлаб чиқиш ҳақида сўз юритилди.

Саммит доирасида Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов Миллий полиция агентлиги Бош комиссари вазифасини бажарувчи Ю Же Сонг билан музокара ўтказди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Корея Миллий полиция агентлиги ўртасидаги алоқаларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда кадрлар тайёрлаш каби икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига оид масалалар муҳокама қилинди.

Дўстона ва конструктив руҳда ўтган саммит доирасида мамлакатимиз делегацияси Корея ҳамда бошқа ҳамкор давлатларнинг полиция органлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш борасида тегишли вазифаларни белгилаб олди.

Тадбир доирасида ташкил этилган Корея Республикаси Миллий полиция агентлиги ташкил топганининг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбир, «Korea Police world Expo-2025» кўргазмасига ҳам ташриф буюрилди. Кўргазма доирасида кибержиноятчиликка қарши курашиш бўлинмаларнинг фаолияти, замонавий ахборот технологиялари ҳамда полиция соҳасида жорий этилган илғор инновациялар билан яқиндан танишилди.

Ташриф жараёнида делегация аъзолари Корея Миллий полиция университети фаолиятини ўрганди. Кадрлар тайёрлаш, ўқув ва малака ошириш тизими, соҳага оид илғор тажрибалар ҳақида фикр алмашилди.

Корея полициясининг тажрибасини ўрганиш мақсадида мамлакатимиз делегацияси Сеул шаҳар полиция агентлиги Авиация бўлинмаси фаолияти билан танишди. Мазкур бўлинма жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларда дронлар, полиция вертолётлари ва бошқа авиация воситаларини қўллаш билан шуғулланади.

Мазкур тадбирлар жаҳон полиция ташкилотлари ўртасида тажриба алмашиш, инновацион ёндашувларни ўрганиш ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Н.Абдураимова, ЎзА