Афғонистон тўқимачилик корхоналари Ўзбекистон кўмагида тикланади

98

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш, хусусий сектор алоқаларини мустаҳкамлаш ва йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ, изчил иш олиб борилмоқда.

Шу мақсадда мамлакатимиз Савдо-саноат палатаси ва “Афғон текстиль корпорацияси” давлат корхонаси ўртасида юртимизда фаолияти тўхтаган айрим тўқимачилик корхоналарини Афғонистон ҳудудида маҳаллийлаштириш тўғрисида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат асосида дастлабки инвентаризация ва лойиҳалаш ишлари кўзда тутилган.

Белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида 18-23 октябрь кунлари Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ходими З.Норматов ҳамда соҳанинг малакали мутахассисларидан иборат делегациянинг Афғонистонга хизмат сафари уюштирилди.

Сафар давомида Парвон вилояти Гулбаҳор тумани ва Қандаҳордаги текстиль фабрикалари, Кобул шаҳридаги тикув цехи, Балх вилояти Мозори-Шариф ҳамда Пули-Хумри шаҳарларидаги тўқимачилик корхоналари ўрганилди.

Биноларнинг жорий ҳолати, технологик ускуналар ва инфратузилма имконияти баҳоланиб, дастлабки лойиҳалаш учун зарур техник-иқтисодий маълумот тўпланди.

Айни пайт экспертлар мавжуд маълумотларни қайта ишлаб, таҳлил қилишяпти. Ушбу жараён Афғонистондаги корхоналарни тиклаш ва ишга тушириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишга хизмат қилади.

М.Пирматова, ЎзА