«Футболимиз келажаги сенинг қўлингда» – ёш истеъдодлар майдонда куч синашди

143

Нукус шаҳрида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон футбол ассоциациялари, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида республикамиздаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида «Футболимиз келажаги сенинг қўлингда» шиори остида футбол мусобақаси ўтказилди.

Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни футболга кенг жалб этиш, иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва уларнинг келгусидаги касбий ривожланишига мустаҳкам замин яратиш мақсадида ўтказилган мазкур мусобақада шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган жамоалар иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро кураш олиб борди.

Қизиқарли ўтган мусобақа якунида, 1-4-синф ўқувчилари ўртасида биринчи ўринни Хўжайли тумани жамоаси қўлга киритган бўлса, фахрли иккинчи ва учинчи ўринлар Мўйноқ ва Қонликўл туманлари жамоаларига насиб этди.

5-8-синф ўқувчилари орасида ўтказилган мусобақада эса, Чимбой тумани жамоаси бош совринни қўлга киритди. Кумуш ва бронза медалларини эса Мўйноқ ва Нукус туманлари ёшлари қўлга киритди.



– Мактабимиз ўқувчилари спортнинг миллий кураш, бокс, шахмат-шашка, футбол, енгил атлетика турлари бўйича мунтазам равишда шуғулланиб, туман ва республика миқёсида ўтказиб келинаётган мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб келмоқда, – дейди Чимбой туманидаги 17-мактаб директори ўринбосари Султонбой Абдуллаев. – Хусусан, миллий кураш бўйича 2010-2011 йилларда туғилган ўқувчилар ўртасида ўтказилган Қорақалпоғистон чемпионатида Гулзиба Болтабоева ва Дийдар Болтабоевлар олтин, Бегзат Кенесбаев ва Бекназар Бийсенбаевлар бронза медалларини қўлга киритиб, 4-7 ноябрь кунлари Хоразм вилоятида ўтказиладиган Ўзбекистон чемпионатида иштирок этиш йўлланмасига эга бўлди. Бугун эса, жисмоний тарбия ўқитувчиси Алписбай Даўекеев тайёрлаган ўқувчиларимиз Қорақалпоғистонда биринчи ўринни қўлга киритмоқда. Бу мактабимиз жамоасини катта қувончга тўлдиради. Бунинг учун жамоамиз мураббийи ва ўқувчиларга катта раҳмат айтаман. Келажакда бу ўқувчилар орасидан юртимизга машҳур спортчилар етишиб чиқишига қатъий ишонаман.

Ўтказилган мусобақа якунида ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан тайёрланган махсус диплом, медаль, кубок ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси