Ўзбекистон ва Сербия Биринчи хонимларининг учрашуви бўлиб ўтди
Бугун Кўксарой қароргоҳида Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич ва рафиқасининг мамлакатимизга ташрифи доирасида расмий тадбирлар бўлиб ўтди.
Давлат раҳбарларини расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Биринчи хоними Зироат Мирзиёева ва Сербия Республикаси Биринчи хоними Тамара Вучич учрашув ўтказдилар. Норасмий мулоқот чоғида халқларимиз ўртасидаги алоқалар, гуманитар ва маданий ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.



Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Александр Вучичнинг музокаралари натижалари Ўзбекистон – Сербия муносабатларини мутлақо янги босқичга олиб чиқиши, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашига ишонч билдирилди.



Шундан сўнг Зироат Мирзиёева ва Тамара Вучич маданий дастурда қатнашдилар. Олий мартабали меҳмонга Ўзбекистон халқ амалий санъати кўргазмаси ва анъанавий маросимлари намойиш этилди.
Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтиб, ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга интилиш қатъий эканини тасдиқлади.



ЎзА