Янги спорт зал очилди

79

Нукус туманидаги «Улгили макон» маҳалла фуқаролар йиғини сўнгги йилларда пайдо бўлган аҳоли пункти бўлиб, бу ерда кўплаб янги намунали уйларнинг қурилиши билан йилдан-йилга аҳоли сони кўпайиб бормоқда.

Халқимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва ўсиб келаётган ёш авлоднинг спорт билан шуғулланишига қулай шароитлар яратиб бериш мақсадида, ушбу аҳоли пунктида 2022 йилда «GULAIM JUDO CLUB» дзюдо клуби ўз фаолиятини бошлаган эди.

Ушбу спорт клубида ҳозирги кунда 150 га яқин ёш спортчилар бутун мамлакатимизга машҳур полвонлардан Ерназар Сарсенбаев, Гулайим ва Перида Жумабаеваларнинг қўл остида шуғулланмоқда. Спорт клубига нафақат ушбу ҳудуддан, балки қўшни ҳудудлардан дзюдога қизиқувчи ёш спортчилар қатнашиб, ҳудуд ёшлари республикамиз миқёсида ўтказилган кўплаб спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритиб келмоқда.

Хусусан, спорт клуби тарбияланувчиларидан Нурислом Мирзалиев, Атабек Мухашев, Алпамис Ниетбаев, Шахсанем Есполова, Наргиза Абатбаевалар Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон миқёсидаги мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллашга муваффақ бўлди.

Ҳудуд ёшларининг дзюдога бўлган қизиқишини инобатга олиб, уларнинг ушбу спорт тури билан шуғулланишларига янада қулай шароитлар яратиб бериш мақсадида, клуб таъсисчилари «28 октябрь – Халқаро дзюдо куни» муносабати билан «GULAIM JUDO CLUB» клубининг 2-спорт залини очишга муваффақ бўлди.

«28 октябрь – Халқаро дзюдо куни» муносабати билан клубнинг иккинчи қўшимча спорт залининг очилиш маросими ўтказилиб, унда ҳудуд аҳолиси, спорт фахрийлари ва ёшлар иштирок этди.


Унда Қорақалпоғистон Республикаси спорт вазири Еркинбай Қутибаев ва бошқалар тадбир иштирокчиларини янги спорт залининг очилиши билан табриклаб, сўнгги йилларда юртимизда ҳурматли Президентимиз Ш.Мирзиёев раҳбарлигида ёшларнинг спорт билан шуғулланишига кенг имкониятлар яратилганини, бунинг натижасида мамлакатимиз спортчилари халқаро мусобақаларда катта ютуқларни қўлга киритаётганини айтиб ўтди ва ушбу спорт клубидан ҳам келажакда бутун дунёга машҳур олимпиада чемпионлари етишиб чиқишига тилак билдирди.

«GULAIM JUDO CLUB» асосчиси Гулайим Жумабаева ва унинг укаси Ерназар Сарсенбаевлар дзюдо бўйича ўтказилган жаҳон кубогининг совриндорлари, опаси Перида Жумабаева ва синглиси Индира Жумабаевалар Осиё чемпионатининг совриндорларидир.

– Мен шу ҳудудда жойлашган 19-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчисиман, – дейди клуб тарбияланувчиларидан бири Атабек Мухашев. – Дзюдо билан 2 йилдан бери мураббийим Гулайим Жумабаева қўл остида шуғулланиб келяпман. Шу кунгача Қорақалпоғистон чемпионатида бир неча бор ғолиб ва Ўзбекистон миқёсида ўтган мусобақаларда фахрли ўринларни эгалладим.  Спорт клубимизда спортчиларнинг кураш билан шуғулланиши учун барча қулайликлар яратилган. Бунинг учун клуб раҳбариятига катта раҳмат айтаман.

Тантанали маросимда бино олдига тортилган анъанавий лента қирқилиб, иштирокчилар спорт залидаги шароитлар билан яқиндан танишди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси