Китоб – беминнат устоз
Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий китобга ана шундай таъриф бериб, уни билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи, деб эътироф этган эди.
Халқимизнинг бир неча минг йиллик тарихи ва икки уйғониш даврида ҳам жаҳон илм-фани, цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломаларимиз ҳаёти, илмий-ижодий фаолиятида китобнинг қанчалик муҳим ўрин тутганини яхши биламиз. Айнан уларнинг бой маънавий мероси ҳам ўзлари яратган ва фойдаланган китоблари орқали бизгача етиб келган, асрлардан асрларга ўтиб, инсониятнинг ҳаётини ёритиб келмоқда.
Бугунги шиддаткор даврда ҳаётимизга замонавий ахборот технологиялари жадал кириб келиб, наинки илм-фан ва таълим соҳалари, балки кундалик турмушимизнинг барча жабҳаларида ҳам фаол қўлланилмоқда. Бу табиий, албатта. Зеро, айни чоғда тараққиётни замонавий ахборот технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Аммо ана шу қулайлик ва имкониятларни тўғри йўналтира олсак, улардан самарали фойдалансак, бу орқали китобхонликни ҳам кенг тарғиб этиш, китоб мутолаасига иштиёқни ошириш мумкин.
Давлатимиз раҳбари китоб ўқиган, ўз устида ишлаган одамда қанот бўлишини эътироф этиб, у бефарқ бўлмайди, кучли, билимли бўлади, деб таъкидлайди. Шунинг учун болаларимизни боғча ёшидан, бошланғич синфлардан кичик-кичик китобларга ўргатиш, шу орқали уларни китобсевар этиб улғайтириш зарур, деган эди.
Ростдан ҳам китобхонлик – инсон маънавиятининг кўзгуси ҳисобланади. Китоб мутолаа қилган инсон эркин фикрлайди, дунёқараши кенгаяди, ақлан етук бўлади, маънавияти шаклланади. Агарки, бутун халқ китобхон бўлса-чи? Бундай халқ, миллат улуғ ишларга қодир бўлади, маънавияти каби давлати ҳам тараққий этади, юксалади.
Айнан шунинг учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг дастлабки йилларидаёқ бу масалага алоҳида эътибор қаратди. Бу борада юрт раҳбарининг ўзи намуна бўлди, хорижий давлатларга ташрифлар давомида ўша халқ адабиётининг нодир асарлари таржима қилинган китобларни давлат етакчисига совға қилиши анъанага айланди, юртимизга келадиган нуфузли меҳмонларга ҳам энг қадрли туҳфа сифатида китоблар берилмоқда. Айнан Президентимиз ташаббуси билан туркий халқлар адабиётининг 100 жилдли ноёб дурдона асарлари чоп этилди.
Китоб ва китобхонлик маданияти ҳақида гап кетганда, Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрда қабул қилинган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорини алоҳида қайд этиш лозим.
Мазкур қарор билан тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар дастурида бир қатор муҳим вазифалар, жумладан, ахборот-кутубхона фаолиятини кучайтириш, таълим муассасалари ахборот-ресурс марказларининг кутубхона фондлари, кутубхоналар, ташкилот ва муассасаларнинг “Маънавият хоналари”ни ўқув-услубий, техник адабиётлар, адабий-бадиий, маърифий ва илмий-оммабоп китоблар билан бойитиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва ахборот-кутубхона марказларидаги барча турдаги ахборот-кутубхона ресурсларининг ягона базасини шакллантириш ва ундан бошқа ахборот-кутубхона муассасаларида туриб фойдаланишни таъминлаш, қишлоқ аҳолисига кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини ташкил этиш каби вазифалар белгиланган эди. Айнан мазкур қарор билан китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга доир тарғибот ишларини тизимли ва самарали ташкил этиш, бу борада китобхонлар, кутубхоначи ва тарғиботчилар ўртасида “Энг китобхон мактаб”, “Энг китобхон маҳалла”, “Энг китобхон оила”, “Энг фаол кутубхоначи” каби кўрик-танловларни ўтказиш йўлга қўйилди.
Бугун бу вазифалар ҳаётда ўз ифодасини топаётгани, санаб ўтилган танловлар ёшларнинг, умуман, китобхон халқимизнинг анъанавий танловларига айланганини кўриб турибмиз.
Янги Ўзбекистонда халқимиз китобхонлик маданиятини юксалтириш ҳаракати энди бошланаётган пайтда давлатимиз раҳбари “аҳолининг, айниқса, ёшларнинг китобга меҳрини ошириш учун, керак бўлса, машина бериб, китоб ўқишга ўргатамиз” деб таъкидлаган эди. Бу шунчаки даъват бўлмаганини бугун халқимиз яхши билади, ҳар йили республикамизда “Ёш китобхон”, “Китобхон оила” танловлари ғолиблари Президент совғаси сифатида автомашина билан тақдирланмоқда.
Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги Деҳқонобод маҳалласида Олий Мажлис Сенати аъзоси, таниқли ижодкор Абдусаид Кўчимов кутубхонаси очилишида қатнашар эканман, ана шу фикрлар хаёлимдан ўтди. Давлатимиз раҳбарининг бундан саккиз йил аввал бошлаган эзгу ташаббуси бугун нафақат пойтахт ва вилоят марказларида, балки қишлоқларда ҳам бўй-басти билан намоён бўлаётганини ҳис қилдим.
Мазкур тадбирда қатнашган Самарқанд вилоят ахборот кутубхона маркази раҳбари Зебинисо Шодиеванинг қайд этишича, 600 мингдан ортиқ аҳоли яшаётган Ургут туманида бугун расман кутубхоналарга аъзо бўлганлар сони 20 минг атрофида экан. Балки, норасмий ўқиётганлар, умуман, китоб мутолаасига бефарқ бўлмаганлар кўпдир, лекин бу статистик рақамлар қувонарли эмас, албатта.
– Бир пайтлар эътибордан четда қолган туман кутубхоналари, мактаб кутубхоналари ҳам бугун янги адабиётлар билан бойиди, электрон тизим орқали пойтахтимиздаги бош миллий кутубхонамизга уланди, – деди З.Шодиева. – Энди ҳар бир китобхон ўзи яшаб турган жойдаги кутубхонага бориб, Ўзбекистон Миллий кутубхонасидаги адабиётдан фойдаланиш имкониятига эга. Ҳамма гап халқимизнинг китобга қизиқиши, меҳрида. Ва йилдан-йилга китобхонлар сафи кенгайиб бораётгани юртдошларимизда ана шу меҳр кучаяётганидан далолат беради. Қишлоқ жойларида бу каби кутубхоналар ташкил этилиши эса аҳоли ўртасида китобхонлик маданияти ошишига ёрдам беради. Биз – вилоят ахборот-кутубхона маркази жамоаси Деҳқонободда янги очилган мазкур кутубхонани ўзимизнинг шу ҳудуддаги бўлимимиз деб қабул қиламиз ва доимий равишда янги адабиётлар билан таъминлаймиз, услубий ёрдам кўрсатамиз.
Дарвоқе, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси мазкур зиё масканини ҳам ўз тармоғига қўшиб, ургутлик китобхонларнинг мамлакатимиз бош кутубхонаси фондидаги асарлардан онлайн фойдаланишларига имконият яратганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Навоий кон-металлургия комбинати эса кутубхонани замонавий компьютерлар билан таъминлаб, интернет орқали Навоий давлат кончилик ва технология университети кутубхонаси билан боғлади. Мазкур университет вакилларининг қайд этишича, бу билан улар замини турли маъданларга бой Ургут туманида ёшларни кончилик соҳаси мутахассиси бўлишга қизиқтириш, уларга бу борада дастлабки кўникмаларни шакллантиришни ҳам мақсад қилишган.
Ушбу эзгу ташаббус ҳақида эшитган Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси раҳбарияти маҳаллада кутубхона ташкил этилишини қўллаб-қувватлаган ҳолда кутубхонага ўнга яқин компьютер жамланмаси туҳфа қилибди ва бу ташаббусни мамлакат бўйлаб оммалаштириш истагида экан.
Янги кутубхонанинг очилиш маросимида қатнашган Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Ҳусан Тўхтаев, Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳмат, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раҳбари Исфандиёр Латипов ва бошқалар халқимиз китобхонлик маданиятини ошириш борасидаги ишларни эътироф этиб, мазкур ташаббус аҳоли ўртасида китоб тарғиботини оммалаштиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
– Абдусаид Кўчимов нафақат қалами ўткир журналист ва адиб, балки қалбида юрти, халқи, айниқса, ёшлар тақдири учун қайғурадиган чин маънавият фидойиси, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо. – Ижодкорнинг ўзи туғилиб ўсган қишлоғида ташкил этган кутубхонаси ҳам бу фикримизни тасдиқлайди. Бу масканда маърифатнинг руҳи, устоз сўзининг нафаси ва ибрати бор. Ёшлар бу ерга фақат китоб ўқиш учун эмас, балки ўз устида ишлаш, ҳаётда тўғри йўл топиш учун ҳам келади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси мазкур кутубхонани уюшма томонидан нашр этилган китоблар билан таъминлаб боришни ўз зиммамизга оламиз.
Кутубхона очилишида қатнашган меҳмонларнинг барчаси мазкур тадбир ўзига хос ибрат сабоғи бўлганлигини таъкидлашди ва ижодкорларнинг аксарияти шу каби кутубхона ташкил этишга аҳд қилишди.
Ургут тумани ҳокими Дилмурод Саидқулов тумандан кўплаб ижодкорлар, шоир ва ёзувчилар етишиб чиққанини қайд этиб, туман ҳокимлиги уларнинг ҳам халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қиладиган бу каби ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Ғолиб ҲАСАНОВ, Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА мухбирлари