Ўзбек, қирғиз ва тожик чегараларига оид шартнома ратификация қилинади

105

Тарихий, маданий илдизлари муштарак бўлган ўзбек, қирғиз ва тожик халқлари ёнма-ён яшаб, ўзаро қон-қардошлик ришталари ривожланиб келмоқда.

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари ўртасида уч давлатнинг давлат чегаралари туташган нуқта тўғрисидаги шартнома ратификация қилинмоқда.

Мазкур масала Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, мазкур шартнома кучга кириши натижасида уч давлат фуқаролари ўртасидаги алоқалар янада фаоллашади, чегара олди ҳудудларда савдо-сотиқ ҳажми ортиб, янги инфратузилма лойиҳалари амалга оширилади ва иш ўринлари яратилади. Бу эса чегарадош ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолининг турмуш даражасини оширишга хизмат қилади.

Депутатлар Марказий Осиёда интеграцион жараёнлар тобора кучайиб бораётганини қайд этар экан, ушбу шартнома ҳам тарихий, маданий ва миллий илдизлари муштарак бўлган халқларимизнинг янада яқинлашиши ва ўзаро ишонч мустаҳкамланишига хизмат қилишини таъкидладилар.

Фракция аъзолари шартнома лойиҳасини қўллаб-қувватладилар.

М.Комилова, ЎзА