Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди

Тегишли соҳа ва идораларга, депутатларга ривожланиш стратегияси ва давлат дастурларининг сифатли ижросини тизимли мониторинг қилиб бориш вазифалари белгиланган бўлиб, жойларда соҳа раҳбарларининг ҳисобот йиғилишлари бўлиб ўтмоқда.
Халқ депутатлари Мўйноқ туман Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳининг навбатдаги ҳисобот эшитиш мажлиси бўлиб ўтиб, унда партия депутатлик гуруҳи аъзолари, туман солиқ инспекцияси раҳбарлари, тегишли ташкилотлар ва маҳаллий тадбиркорлар иштирок этди.
Йиғилиш кун тартибига мувофиқ, Мўйноқ тумани солиқ инспекцияси бўлими бошлиғининг 2025 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳисоботи тингланди.
Тақдим этилган ҳисобот маълумотларига кўра, 2025 йилнинг 9 ойида туман бўйича бюджетга жами 3 миллиард 624 миллион сўм режа белгиланган бўлиб, асосан 3 миллиард 859 миллион сўм тушум таъминланди. Бу кўрсаткич режанинг 106 фоиз бажарилганини англатади.
– Шунингдек, III чоракда режа 1 миллиард 222 миллион сўмни ташкил этган бўлса, амалий тушум 1 миллиард 257 миллион сўмни ташкил этди ва режа 103 фоизга бажарилди, – дейди ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши бўлим бошлиғи А.Есемуратова.
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бюджет тушумлари 106 фоизга ўсган бўлса-да, айрим солиқ турлари бўйича ижро даражаларида тафовутлар кузатилди. Жумладан, айланмадан олинадиган солиқ режасига нисбатан 80 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 64 фоиз, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи 43 фоиз, мол-мулк солиғи 98 фоиз, сув солиғи 99 фоиз ҳамда фуқаролардан ундириладиган ер ва мол-мулк солиқлари 200 фоиз бажарилгани маълум қилинди.
Бундан ташқари, корхоналарнинг бюджет олдидаги қарздорлиги 2025 йил 1 октябрь ҳолатига 323 миллион сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 5,5 фоизга камайгани қайд этилди. Ҳисобот даврида туманда 104 та юридик микрофирма ва кичик корхона, 162 та якка тартибдаги тадбиркор ва 1700 нафар ўзини ўзи банд қилган фуқаро рўйхатдан ўтгани қайд этилди. Бу кўрсаткичлар туманда тадбиркорлик салоҳияти ортиб бораётганини кўрсатади.
Депутатлик эшитувида депутатлар ҳисобот натижаларини таҳлил қилиб, айрим солиқ турлари бўйича ижро даражаси пастлиги, хусусан, айланмадан олинадиган солиқ ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича кўрсаткичлар етарли даражада таъминланмаганини таъкидлаб, бу соҳада тизимли камчиликлар мавжудлигини танқид қилди. Шу билан бирга, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, солиқ тўловчилар учун қулай шароит яратиш, профилактика ишларини кучайтириш ва солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштириш орқали бу кўрсаткичларни яхшилаш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Йиғилишда депутатлар гуруҳи томонидан солиқ идоралари фаолияти самарадорлигини ошириш, тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳудудий бюджет барқарорлигини таъминлаш бўйича аниқ таклифлар берилди.

Партиянинг Мўйноқ туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи ушбу масалалар бўйича тегишли ташкилотлар билан биргаликда доимий депутатлик назоратини амалга ошириши белгиланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги