Чехияда Ўзбекистон ва Озарбайжон саёҳат йўл-шоуси бўлиб ўтди
Прагада “Highlights of theSilk Road” кенг кўламдаги лойиҳа доирасида Ўзбекистон ва Озарбайжон қўшма саёҳат йўл-шоуси бўлиб ўтди. Тадбир олти шаҳар – Франкфурт, Вена, Цюрих, Будапешт, Прага ва Барселонани қамраб олувчи Европа бўйлаб саёҳатнинг бир қисмига айланди.
Мазкур ташаббус Озарбайжон Туризм бюроси (АТБ) ва Ўзбекистон Миллий PR-маркази ҳамкорлигида амалга оширилди. Ундан кўзланган асосий мақсад – икки давлатнинг маданий, тарихий ва табиий сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, Буюк Ипак йўли бўйлаб қўшма йўналишларни ривожлантириш ва туроператорлар ўртасида профессионал алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.
Йиғинда Туризм қўмиталари, PR-марказлар ва меҳмонхоналар тармоғи вакиллари, шунингдек, чехиялик туроператорлар ҳамда тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Тақдимотда Ўзбекистон томони ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган мамлакатнинг асосий сайёҳлик йўналишлари –Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари билан таништирди. Экологик, гастрономик, тоғ-кон ва маданий туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилди.
Расмий қисмдан сўнгB2B форматдаги сессиялар давом этди. Унинг доирасида Ўзбекистон, Озарбайжон ва Чехиялик туроператорлар ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди ва қўшма туризм маҳсулотларини шакллантириш бўйича таклифлар алмашди.
Эътиборли жиҳати, иштирокчилар томонидан диёримиз бугунги кунда бой тарих, замонавий инфратузилма ва юқори сифатли туризм хизматлари билан уйғунлашган хавфсиз ва меҳмондўст йўналиш сифатида эътироф этилди.
Азиза Алимова тайёрлади,
ЎзА