Нотариусларга медиатор вазифасини бажариш ҳуқуқи берилди

2025 йил 20 октябрда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига низоларни муқобил ҳал этишда медиация институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов қонуннинг муҳим жиҳатлари ҳақида гапириб берди:
– Иқтисодиётга хорижий инвесторларни жалб этишда юзага келадиган низоларни судгача ҳал қилиш ёки суд муҳокамасининг ҳар қандай босқичида низолашаётган тарафлар учун ўзаро келишув ва мақбул ечимни топишга эришишни таъминловчи механизмлардан фойдаланиш зарурати ошиб бормоқда.

Мисол учун, ривожланган давлатларда низоларни медиацияни қўллаган ҳолда судгача ҳал қилиш умумий ишлар ҳажмининг 70-80 фоизини ташкил қилаётир.
Ўзбекистонда 2019 йилда медиация институти жорий этилган бўлса-да, 2023 йилда низонинг судга қадар босқичида атиги 310 та медиатив келишув расмийлаштирилган.
Сир эмаски, судларда иш ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Хусусан, 2021 йилда фуқаролик судлари томонидан 518 минг иш кўриб чиқилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич бир миллионга яқинлашган.
Судга қадар ва судгача расмийлаштирилган медиатив келишувлар таққосланганда, судга қадар расмийлаштирилган медиатив келишувлар сони атиги 4,2 фоизни ташкил қилади.
Медиатив келишувларнинг асосан судда расмийлаштирилиши аксарият ҳолларда ҳақиқатдан ҳам тарафлар келишиб, медиатив келишув тузаётганини эмас, тўланган давлат божини қайтариб олиш мақсадида медиатив келишув тузаётганлигини ифодалайди.
Медиатив келишув тузиб, судда иш тугатилган ва давлат божи қайтариб олиниб, бир неча ой вақт чўзилгандан сўнг эса медиатив келишув ижро этилмаслиги ҳолатлари учрайди.
Шу боисдан, медиациянинг таъсир доирасини кучайтириш, соҳага ишончи янада ошириш зарурати мавжуд.
Қонун айнан юқоридаги масалаларнинг ҳуқуқий ечими сифатида ишлаб чиқилган бўлиб, “Медиация тўғрисида”, “Нотариат тўғрисида”, “Давлат божи тўғрисида”, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунлар, Фуқаролик, Иқтисодий процессуал, Солиқ ҳамда Оила кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, “Нотариат тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, нотариусга “Медиация тўғрисида”ги қонунда белгиланган тартибда медиатор вазифасини бажариш ҳуқуқи берилди.
Амалдаги нормада нотариус фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар, шу жумладан, мулкий ва мерос масалалари бўйича ўзаро мақбул қарор қабул қилиш учун тарафларнинг ихтиёрий розилиги асосида низода медиатор сифатида иш юритиши белгиланган бўлиб, бунда нотариусларнинг медиаторликдаги ҳуқуқи чекланган эди.
“Медиация тўғрисида”ги қонун янги 11-боб билан тўлдирилиб, Адлия вазирлиги медиация соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Эндиликда Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида медиацияга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади. Медиаторларнинг касб этикаси қоидалари, медиаторнинг касбий малакасини ошириш тартиби ҳамда медиаторларни тайёрлаш дастурларини тасдиқлайди.
Шу билан бирга, медиаторлар томонидан статистик маълумотларини тақдим этиш тартибини белгилаш ва статистик маълумотларини таҳлил қилиш, медиаторлар реестрига киритиш бўйича малака имтиҳонини ўтказиш тартибини тасдиқлаш, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги медиаторлар малака комиссиялари ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Медиаторлар олий малака комиссияси тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳамда қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.
Қонун билан медиация қўлланиладиган соҳалар доираси кенгайтирилди. Медиаторга доир талаблар қайта кўриб чиқилиб, медиаторларнинг нопрофессионал тури қонунчиликдан чиқариб ташланди.
Медиаторларга олий маълумотли бўлиш талаби қўйилди. Улар ҳар уч йилда бир марта малакасини оширади. Келишувни мажбурий ижро этишга оид қоидалар белгиланди. Ҳакамлик судлари фаолияти ҳамда ҳакамлик муҳокамасини халқаро стандартларга мослаштиришга оид қоидалар қонунчиликдан ўрин олди.
Қонун низоларни судгача ҳал қилиш механизмларининг амалиётда самарали ишлашини таъминлаш, медиация соҳасининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш орқали судларда иш юкламасини камайтиришга хизмат қилади.
Муҳими, бу жараёнлар Ўзбекистонинг бизнес юритиш соҳасидаги халқаро рейтинги янада яхшиланиши, инвестициявий имижи халқаро даражада янада кўтарилишига замин яратади.
Норгул Абдураимова, ЎзА