Таниқли артист Б.Қайповнинг юбилейига бағишланди

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларига хизмат кўрсатган артист Балтанияз Қайпов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда ёзувчи-шоирлар, санъаткорлар, нуронийлар, театр ва санъат мухлислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Кечада Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазири Б.Темирбаев, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри жамоаси ва бошқалар саҳна фидойиси Б.Қайповни 80 йиллиги билан табриклади.
Таъкидланганидек, Б.Кайпов қорақалпоқ саҳнасида ўлмас образлар яратди. Халқимиз уни комик актёр сифатида билади ва ҳурмат қилади. Лекин уни кенг диапазонга эга актёр десак бўлади. Чунки, у барча жанрларда, ҳар хил характердаги инсонларнинг образларини очиб бера олди. Драматик образларни ҳам маҳорат билан ижро этди. Тинимсиз меҳнатлари, изланишлари туфайли саҳнада бир-бирини такрорламайдиган, ҳар хил жанрда 50 дан ортиқ ранг-баранг образлар яратиб, томошабинлар кўнглидан жой олди.
Қутловларда Т.Қайипбергеновнинг «Қорақалпоқ қизи» асосида ёзилган «Жумагул» драмасида Туримбет, «Аҳмоқ подшоҳ»да Айдар, «Бахтли бўлинг болаларим»да Сарибек, «Ой тутилган тунда»да Девона, «У дунёга таклиф»да Мамонт, «Севмаганга суйканма»да Оралбой, «Ўжар»да Холмурод, «Гунг қиз ва табиб»да Сганарел, «Мангу булоқ»да Птомелей, «Хотинимни қайтариб бер»да Казбек, «Совға»да Чўнтиқ шоир каби яратган образлари томошабинлар қалбидан чуқур жой олгани алоҳида таъкидланди. Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театрида қўйилган спектакллардан «Кечиккан баҳор»да Собир, «Яратганнинг ҳазили»да Яратган, «Тўққиз тўнқилдоқ бир чиңқилдоқ»да Дўшим, «Яланғоч қирол»да вазир, «Нукус қўрғони»да Соколов роллари халқимизнинг ёдида.
«Қорақалпоқфильм» киностудиясида суратга олинган «Сахий бола,» «Курорт,» «Ўғри,» «Эсжон бахши» ва бошқа фильмларда, шунингдек, «Оила» сериалида роллар ижро этди. Бадиий фильмларда роллар ижро этиш билан бирга, қорақалпоқ дубляжининг ривожланишига ҳам ҳисса қўшди. Қорақалпоғистон радиосида бериладиган «Тиканак» сатирик журналининг ҳар сонида ва телевидениеда телеминатюраларда қатнашди.

У Тошкент, Олмаота, Ашхобод шаҳарларида, Бошқирдистон, Татаристон, Дағистон Республикаларида ўтказилган Қорақалпоғистон адабиёти ва маданияти кунлари ҳамда Халқаро театр фестиваллари иштирокчиси.
Саҳна фидойиси, халқнинг севимли санъат арбоби Б.Қайповнинг қарийб ярим асрлик ижодий меҳнати муносиб тақдирланди. У «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист,» «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» фахрий унвонларига муносиб кўрилади.
Кечада Балтаниёз Қайпов роль ижро этган кинофильм ва пьесалардан парчалар намойиш этилиб, тадбир халқимизга таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури билан давом этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги