“Саҳродаги Лувр”да “Биз биргамиз!” лойиҳаси ўтказилди

82

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан “Биз биргамиз!” лойиҳаси доирасида И.В.Савицкий номидаги Давлат санъат музейига жисмоний имконияти чекланган шахслар учун маданий саёҳат ташкил этилди.

Партия электорати вакиллари билан ўтказилган мулоқотда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов, И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи илмий котиби, партиянинг бошланғич ташкилоти раиси Бийбисара Юсупова ва Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими бошлиғи Паршагул Даулетияровалар сўзга чиқдилар. Улар партия ташаббуслари ҳақида тўхталиб, жисмоний имконияти чекланган шахслар учун яратилаётган имкониятлар нафақат уларнинг ҳаёт сифатини ошириш, балки, жамиятда тенг ҳуқуқли муҳитни шакллантиришга хизмат қилаётганини таъкидладилар.

Тадбир давомида иштирокчиларга “И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи тарихи”га бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Фильм орқали улар музей фаолияти тарихи ва мамлакат маданий ҳаётидаги ўрни билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Шунингдек, иштирокчилар “Савицкий дунёси” номли кўргазма билан танишдилар. Кўргазмада намойиш этилган экспонатлар ва бадиий асарлар иштирокчилар учун эстетик завқ ҳамда маънавий руҳланиш манбаи бўлди.

– Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади, жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг жамиятдаги фаол иштирокини таъминлаш, уларни ижтимоий ҳаётга интеграция қилиш ҳамда ўзларини муносиб ва тенг ҳуқуқли жамият аъзоси сифатида ҳис этишлари учун шароит яратишдан иборат, – Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши бўлим бошлиғи Нурлан Кишонов. – Шуни алоҳида таъкидлашимиз лозим, лойиҳа Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими, Ўзбекистон Карлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими ҳамда бир қатор масъул ташкилотлар ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

“Биз биргамиз!” лойиҳаси жамиятда инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва бирдамлик ғояларини мустаҳкамлаш, шу билан бирга фуқароларнинг маданий ҳаётда тенг иштирок этиш ҳуқуқини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги