Соғлиқни сақлаш тизимида коррупциявий ҳолатлар қандай бартараф этилмоқда?
Коррупциянинг ҳар қандай кўриниши тараққиётга ғов бўлади, жамиятни орқага тортади. Шу боис тараққийлашаётган давлатларда мазкур иллатга қарши кескин чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистонда унга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда. Шунга кўра, вазирликда ҳам “ҳуқуқий эксперимент” доирасида бир қатор салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Соғлиқни сақлаш тизимида бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланиши, коррупция ҳолатларини эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган изчил саъй-ҳаракатлар мисолида ҳам буни кўриш мумкин.
Шу йил июль ҳолатига вазирлик тизимининг молиявий соҳадаги 1280 нафар раҳбар ходими фаолиятида манфаатлар тўқнашуви ва непотизм ҳолати аниқланган. Бундай салбий ҳолатларни аниқлаш ва бартараф этишда вазирликнинг Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмасининг ўрни салмоқли бўлмоқда, десак муболаға эмас. Буни тузилма томонидан ҳозирга қадар 567 та шундай ҳолат аниқланиб, ўз вақтида бартараф этилгани ҳам тасдиқлайди.
Умуман, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коррупциявий хатти-ҳаракатларни бартараф этиш ва тизимда шаффофликни таъминлашга доир чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг огоҳлантиришича, aгар тиббиёт муассасаларида коррупция билан боғлиқ ҳолатлар мавжуд бўлса, бўлинманинг республика бўйича ягона бўлган 1203 рақамли “Ишонч телефони” ёки t.me/ssvantikor_bot телеграм ботига мурожаат қилиш мумкин. Мурожаатчининг шахси қатъиян сир сақланиши кафолатланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар қандай коррупциявий ҳолатга нисбатан муросасиз муносабатда бўлишда давом этади ҳамда фуқароларнинг ҳар бир мурожаатини эътибордан четда қолдирмаслиги таъкидланган.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА