Иқтисодий судларда буйруқ тартибида иш юритиш асослари

Буйруқ тартибида иш юритиш – бу низолашилмайдиган пул маблағларини ундиришнинг соддалаштирилган процедураси бўлиб, у томонларни чақирмасдан ва суд муҳокамасисиз амалга оширилади. Натижада суд буйруғи чиқарилади, у моҳиятан ижро ҳужжати ҳисобланади.
Буйруқ тартибида иш юритишнинг даъво тартибидан асосий фарқи шундаки, буйруқ тартибида иш юритиш ҳуқуқ тўғрисидаги низонинг йўқлигини назарда тутади. Яъни буйруқ тартибида сўзсиз қарзлар ундирилади. Кредитор ва қарздор ўртасида низо пайдо бўлиши биланоқ, у даъво тартибида ҳал қилиниши керак.
Иқтисодий процессуал кодекснинг 135-моддасига асосан суд буйруғи судья томонидан якка тартибда берилади, агар солиқ қарзини ундиришни юридик шахслар ва фуқароларнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисида талаб билдирилган бўлса, коммунал хизматлар ва алоқа хизматларини тўлаш бўйича қарзни ундириш тўғрисида тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган талаб қўйилган бўлса, ҳужжатлар асосида тан олинган дебиторлик қарзини ундириш тўғрисида талаб билдирилган бўлса, талаб тўланмаган, акцептланмаган ва акцептга сана қўйилмаган вексель нотариус томонидан протест қилинишига асосланган бўлса, ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб билдирилган бўлса.
Кредитор суд буйруғини бериш тўғрисида ариза берганда қарздорга ушбу аризанинг нусхасини топшириши шарт.
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза умумий тартибда судга даъво билан мурожаат қилинганда низолашилаётган суммадан келиб чиқиб ҳисобланган ставканинг эллик фоизи миқдорида давлат божи тўланади.
Ишларни буйруқ тартибида кўриб чиқиш судьялар томонидан якка тартибда, тарафлар чақирилмасдан ва суд мажлиси ўтказилмасдан амалга оширилади. Ариза судловга тегишлиликнинг умумий қоидаларига кўра, яъни қарздорнинг жойлашган жойи бўйича берилади.
Кўриб чиқиш натижалари бўйича судья суд буйруғини чиқаради. Агар қарздор эътироз билдирса, буйруқ бекор қилиниши, ундирувчи эса даъво ишини юритиш тартибида талаб қўйиши мумкин.
З.Хасанова,
Чимбой туманлараро иқтисодий суди судьяси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги