Иродали ёшлар ғалабаси: футболчиларимиз кумуш медаль соҳибига айланди

Нукус шаҳридаги 10-сонли «Нурли макон» мактаб интернатида кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар ўртасида спортнинг 5х5 футбол туридан Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.
Чемпионатда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан жамоалар иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро кураш олиб борди.
Қизғин беллашувларга бой бўлган мусобақада республикамиз терма жамоаси Қашқадарё, Сурхондарё ва Навоий вилояти жамоаларини мағлубиятга учратиб, финалга чиқишга муваффақ бўлди.
Кўпчилик футбол мухлислари кутганидек, Тошкент шаҳри жамоаси билан ўтган финал ўйини жуда қизиқарли ўтди, учрашувнинг асосий вақтида ғолиб аниқланмади ва пенальтилар сериясига навбат берилди.
Бунда омад тошкентлик футболчиларга кулиб боқиб, улар Ўзбекистон чемпиони унвонига сазовор бўлди.Тимур Қидирбоев бошқарган республикамиз жамоаси иккинчи, Навоий вилояти футболчилари учинчи ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлди.

– Ўтган йили финалда Навоий жамоасини енгиб, чемпион бўлган эдик, – дейди республикамиз терма жамоаси мураббийи Тимур Қидирбоев. – Бу йил жамоамизга озгина омад етишмади. Шунинг учун кумуш медаль билан чекланишга мажбур бўлдик. Спортда шундай воқеалар ҳам бўлиб туради. Энди жамоамиз аъзоларини бўлажак мусобақаларга тайёрлайверамиз.
Мусобақа якунида ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси