Илм фидойиси эди…

Олим А.Қурбонбоев – 85 ёшда
Ҳар биримизнинг ақл-ҳушли, онгли инсон бўлиб шаклланишимизда устозларнинг ўрни катта. Ҳаётда ўз ўрнини топишга ундайдиган, ҳаётнинг аччиқ-чучугини ўргатиб, меҳр-оқибат, эзгулик ва инсонийликдан сабоқ берадиган устозлар меҳнатига таъзим бажо келтирамиз.
Билимли одамнинг ўзади оти,
Ўзи ўлган билан ўчмайди номи,
Шубҳасиз илмдан тирикдир инсон.
Оғир мушкулларни енгади инсон,
Илм яхши, деди бир кун устозим,
Жаҳонда жаранглар қўнғироқ парвозинг.
Абулқосим Фирдавсий ҳазратлари айтган бу сатрлар минглаб инсонларнинг устози Амин оға Қурбонбоевнинг бизга талабалик йилларимизда айтган панд-насиҳатларини эслатади.
Устоз – бизга билимлар дунёсининг эшигини очиб, ҳаёт, Ватан, она, яхши-ёмон, оқ билан қора, дўст-душман, гўзаллик, дўстлик, ҳалоллик, қувонч, муҳаббат каби турли тушунчаларнинг маъносини ўргатган инсон сифатида қалбимизда мангу қолади. Устозимиз Амин ака ҳам ана шундай инсон сифатида қалбимизда қолган, чунки унинг бизларга жон куйдириб айтган гаплари, панд-насиҳатлари шу кунгача, айни дамда ҳам олдимиздан чиқиб, ҳаётда бўлсин, иш бобида мураккаб вазиятларга тушганда сабоқ бўлиб, қийинчиликларни енгиб ўтишимизга сабаб бўлиб турибди.
Амин ака жуда талабчан эди, ўзига ҳам, бизга ҳам қатъий талаб қўйиб, тартибни ҳам қатъий ушлайдиган инсон эди. Ўша даврларда биз унинг бу талабларини ҳаддан ташқари қатъий деб тушуниб, уни кўпчилик талабалар ёқтирмай, талабларига бўйсунгиси келмагани билан энди ўзимиз устоз бўлгандан кейин чуқур англадик.
У бизга Германияга борганда кўрган-кечирганларини айтиб берган эди. Шунда у ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос тартиб-қоидалари, миллий қадриятлари, миллий қадриятлари, қолаверса, овқатланиш қоидаларигача ўзига хосликлари борлиги ҳақида гапирганда худди ўзимиз ўша ерда юргандек таассурот қолдирардик…
Устозимиз Амин Қурбонбоевнинг яшаган ва меҳнат қилган ҳаёт йўлларига назар ташлайдиган бўлсак, у 1965 йилда Тошкент давлат чет тиллар педагогика институтининг умумтаълим мактаблар учун немис тили тўлиқсиз мактаблар учун ўзбек тили ва адабиёти мутахассислигини ўқиб тугатганидан сўнг ўзининг дастлабки меҳнат фаолиятини Қорақалпоқ давлат педагогика институтининг «Немис тили» кафедрасида оддий ўқитувчи бўлиб ишлашдан бошлаган. Собиқ иттифоқ даврида иттифоқ мамлакатларида тажриба алмашинуви олиб борилганлиги боис 1971 йилдан 1974 йиллар мобайнида Озарбайжон хорижий тиллар педагогика институтида стажёр-тадқиқотчи сифатида илмий изланиш олиб борган. У ерда озарбайжонлик ҳамкасблари билан илмий ишлар қилиб, бироз тажриба тўплаганидан сўнг, Нукусга қайтиб келиб, яна аввалги иш жойида меҳнат фаолиятини давом эттирган. У ўзининг касбга садоқати, тўғрисўзлиги, берилган вазифаларга катта масъулият билан қараб иш олиб бориши билан ўша даврдаги университет раҳбарларининг эътиборига тушиб, аввал кафедра мудири, сўнгра факультет декани лавозимларида самарали фаолият кўрсатди. Оддий ўқитувчиликдан кафедра профессори илмий даражасини олишга муяссар бўлди. У раҳбар бўлиб ишлаган йиллари факултетда қатъий тартиб ўрнатилиб, талаба ёшлар орасида билим олишга, илмий изланишлар олиб боришга интилишлари сезиларли даражада ортди. Унинг қўлидан юзлаб, минглаб шогирдлар тарбиялаб чиқди. Сўзимнинг бошида унинг қатъий тартибига кўника олмай талабалик йилларимизда уни ёмон кўриб юрган эдик, деб таъкидлаган эдим. Унинг шогирдларининг аксариятида шу туйғу, шундай ўй-кечинмалар бўлган бўлиши табиий. Чунки у бошқа устозларга қараганда жуда қаттиқ қўл, ҳаддан ташқари талабчан бўлди. Лекин менинг фикримча, ўша тутуми учун мен сингари бошқа шогирдлари ҳам ҳозир ундан жуда миннатдор бўлиб турганлигига ҳеч қандай шубҳам йўқ. Сабаби, ўша тартиб-интизомнинг, тутумнинг туфайли шогирдларининг кўпчилиги бугун катта ютуқларни қўлга киритиб, ҳаммаси жамиятда ўз ўрнига эга инсонлар бўлиб шаклланди. Кўпчилиги республикамизнинг турли жойларида, машҳур ўқув юртларида ўз обрў-эътиборига эга инсонлар сифатида меҳнат қилмоқда.
Муқаддас ҳадисимизда: «Бешикдан қабргача илм изла,» деган ҳикмат бор. Шу айтилганидек, Амин ака умрининг охиригача кексаликка енгиллик бермай китоб ёзди, шогирдларини эргаштириб бир қанча илмий китоблар, луғатлар чиқарди.
Амин аканинг асарлари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, «Немис тили грамматикасидан машқлар тўплами,» «Немис ва қорақалпоқ тилларининг қиёсий грамматикаси. Синтаксис,» «Қорақалпоқ тилига немис тилидан ўтган сўзларнинг фонетик хусусиятлари,» «Немис тилида отнинг грамматик категориялари,» «Алпомиш» немис тилида,» «Қорақалпоқ ва немис тили равишларида грамматик интерференциянинг учраши,» «Оғзаки нутқ дарсларида стратегия ва ўйин-топшириқларнинг қўлланилиши,» «Қорақалпоқча-немисча сўзлашув луғати,» «Немис тилида феълнинг грамматик категориялари» ва шу каби юзлаб илмий ишлар, мақолалар, китоблар ёзди. Унинг бу меҳнатлари муносиб баҳоланиб, «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими» фахрий унвони берилди. У бундан катта мукофотларга ҳам муносиб инсон эди. Энг муҳими унвонни унга халқ берди, у кафедрамизнинг профессори эди, бирга ишлаган ҳамкасблари, замондошлари, изидан борган шогирдлари унинг меҳнатларини, инсоний фазилатларини, меҳрга тўла қалбини, айтган панд-насиҳатларини ҳеч қачон унутмайди.
У ўзидан яхши ном, яхши ишлар, ажойиб шогирдлар қолдирган ҳақиқий устоз сифатида яшаб ўтди. Биз ҳам, ўз навбатида фидойи устознинг шогирдларидан бири эканлигимиз билан фахрланамиз.
Минайим Полвонова,
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети хорижий тиллар факультети немис тили ва адабиёти кафедраси ассистент ўқитувчиси, «Дўстлик» ордени соҳиби.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.