Денгиз сатҳи 4 минг йилликдаги энг юқори даражага чиқди (+видео)

100

Глобал исиш ва инсон фаолияти натижасида дунё бўйлаб денгиз сатҳи сўнгги 4 минг йилликда рекорд даражада кўтарилмоқда. Бу ҳолат йирик шаҳарлар ва соҳилбўйи ҳудудлари учун жиддий сув тошқини хавфини туғдиради.

Рутгерс университети олимлари қадимги маржон рифлари ва мангро дарахтларини таҳлил қилиб, денгиз сатҳининг ўзгариш тарихини ўргандилар. Уларнинг “Натуре” журналида эълон қилинган тадқиқотига кўра, 1900 йилдан бери денгиз сатҳи ҳар йили ўртача 1,5 миллиметрга ошган — бу сўнгги минг йилликлар ичидаги энг юқори кўрсаткичдир.

Мутахассислар бунга иккита асосий омил сабаб бўлаётганини таъкидламоқда: глобал ҳароратнинг ошиши натижасида океан сувининг кенгайиши ва музликларнинг, айниқса Гренландия ҳамда Антарктидадаги айсбергларнинг тез эриши. 2023 йил сентябрдан 2024 йил августгача Гренландияда 80 миллиард тонна муз эриган. Агар бу музлик тўлиқ эриса, глобал денгиз сатҳи 7,4 метрга кўтарилиши мумкин.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, энг катта хавф дарёлар делталарида жойлашган текис ва унумдор ҳудудларга таҳдид солмоқда. Улар қишлоқ хўжалиги, саноат ва транспорт учун муҳим бўлгани сабабли, уларнинг йўқолиши глобал иқтисодиётга ҳам зарба бериши мумкин.

Хитой айниқса икки баробар кўпроқ хавф остида бўлса-да, бу муаммо Нью-Йорк, Жакарта, Манила каби йирик шаҳарлар учун ҳам долзарб. Олимлар денгиз сатҳининг кўтарилишини жиловлаш учун глобал даражада кескин чора-тадбирлар кўриш зарурлигини таъкидлашмоқда.

Мадинабону Насриева, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА