Ўзбекистон ва Туркия маданий ҳамкорлиги ривожланмоқда

Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров Истанбул шаҳрига сафари доирасида Туркиядаги Ўзбекистон маданияти, бирдамлик ва ҳамкорлик жамияти раиси Чўқай Кўчар ҳамда шаҳарҳокимлиги Халқаро алоқалар департаменти раҳбари Барбарос Буюк Сагнак билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида икки қардош юрт маданий ҳамкорлигини янада ривожлантириш, биродарлашган шаҳарларимиз салоҳиятидан самарали фойдаланиш, маданий алмашинув дастурларини кенгайтириш ҳамда халқлар ўртасидаги дўстона муносабатни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Қ.Собиров мезбонларга ШҲТ Халқ дипломатияси маркази, хусусан амалга оширилаётган халқаро маданий вамаърифий лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди.
Ўз навбатида Барбарос Буюк Сагнак Марказ фаолиятини юқори баҳолаб, келгусида мавжуд ўзаро алоқаларни ривожлантиришга қаратилган қўшма ташаббуслар амалга оширишга тайёрлигини таъкидлади.

Муҳокама сўнгида Туркиядаги турдош мутасадди ташкилотлар билан нафақат маданий, балки илмий соҳада ҳамшериклик кўламини кенгайтириш, жумладан туркий давлатлар мақолларидан иборат китоб чоп этиш, ёш олимлар илмий изланишларини тўплам сифатида нашр этиш, шунингдек ақлмарказлари (think tank) ўртасида ҳамкорликни кучайтириш каби фаол ташаббуслар илгари сурилди.

Тадбир дўстона ва самимий руҳда ўтди. Томонлар келгуси ҳамкорликка оид долзарб йўналишларни белгилаб олиб, амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга келишдилар.
Учрашувда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ректори Элдор Шерманов ҳам иштирок этди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати билан ҳамкорликда