“Баҳрайн-2025”: вакилларимиз 9 та спорт турида рақобатлашади
Баҳрайнда давом этаётган ёшлар ўртасидаги III Осиё ўйинларининг 23 октябрь кунги баҳсларида 15 спорт тури бўйича беллашувлар ўтказилади.
Унда Ўзбекистон делегацияси спортчилари 3х3 баскетбол, енгил атлетика, бокс, футзал, ММА, муайтай, от спорти, триатлон ва волейбол спорт турлари бўйича мусобақа ғолиблиги учун баҳслашади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу мусобақада Ўзбекистон спорт делегацияси 5 та олтин, 1 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида пешқадамлик қилмоқда. Индонезия делегациялари 1 тадан олтин ва кумуш медаль билан иккинчи, Филиппин эса 1 дона олтин билан кучли учликдан жой олган.

Маълумот ўрнида: 22 октябрь куни III Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур маросимда Ўзбекистон делегацияси раҳбарияти ва аъзолари ҳам иштирок этди.

Баҳрайн мамлакатида ўтаётган ўйинлар доирасида Осиё Олимпия кенгаши Ижроия қўмитасининг 101-йиғилиши юқори савияда ва самарали тарзда ўтказилди. Йиғилишда спорт соҳасини ривожлантириш, олимпия ҳаракатини янада кенгайтириш ҳамда минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга доир қатор масалалар кўриб чиқилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов ҳамда Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти Осиё Олимпия кенгаши ҳамда Африка Миллий Олимпия қўмиталари ассоциация вакилларининг иштирокида учрашув ташкил этилди.
Унда спорт ва олимпия ҳаракати орқали Осиё ҳамда Африка минтақалари ўртасида дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА