Германия Бундестаги делегацияси Оролбўйи халқаро инновация маркази фаолияти билан танишди

Қорақалпоғистон Республикасига расмий ташриф доирасида Германия Бундестаги Қишлоқ хўжалиги ва ватан масалалари қўмитаси раиси жаноб Ҳерманн Фербер бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказида бўлди.
Бундестаг депутатлари Кристоф Фрауэнпрайс, Штеффен Яних, Ина Латендорф ва Винфри Холсдан иборат делегацияга Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) нинг Қорақалпоғистондаги вакиллари ҳамроҳлик қилди.
Ташрифдан кўзланган мақсад – марказ фаолияти ва Оролбўйи минтақасида барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш ва инновацион экологик ечимларни жорий этишга қаратилган GIZ билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишиш.

Делегация ташрифи доирасида марказнинг илмий-тадқиқот ва намойиш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, Оролбўйи минтақасида экотизимларни тиклаш ва аҳоли турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Делегация аъзолари Оролбўйи экотизимларини тиклаш ва қишлоқ хўжалигини ўзгарувчан иқлимга мослаштириш бўйича инновацион технологиялар ишлаб чиқилаётган ва синовдан ўтказилаётган илмий-ишлаб чиқариш участкасида олиб борилаётган тажриба ва экспериментлар билан ҳам танишдилар.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Оролбўйи минтақасида экологик мувозанатни тиклаш ва аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Делегация аъзолари экологик инқироз оқибатларига қарши курашиш ва минтақани барқарор ривожлантириш учун янги имкониятлар яратиш бўйича амалга оширилаётган дастурларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидладилар.
Ташриф якунида томонлар илм-фан, экология ва агротехнологиялар соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги шериклик муносабатларини ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги