Тошкентда Хитойнинг Шинжон маҳсулотлари кўргазмаси бошланди
Пойтахтимиздаги “Анҳор Локомотив” боғи ҳудудида “Ўзбекистон– Хитой: XIV-Шинжон маҳсулотлари кўргазмаси”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кўргазма Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда ХХР Халқаро савдони ривожлантириш кенгашининг Шинжон ваколатхонаси томонидан ташкил этилди.

Тадбирнинг асосий мақсади – икки ўлка ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнес вакилларига Шинжон-Уйғур минтақасида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, технологиялар ва ускуналар билан яқиндан танишиш имкониятини яратиш, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдан иборат.
Кўргазма доирасида агросаноат, маиший техника, АТ, консалтинг, тиббиёт саноати, озиқ-овқат ва ичимликлар, чой ишлаб чиқариш, қурилиш, тўқимачилик ва кимё саноати, логистика ҳамда энергетика соҳаларидаги Хитой компанияларининг стендлари намойиш этилмоқда.

Иштирокчилар орасида “Bingtian Intelligent Technology”, “Xinjiang Poplar Cable Manufacturing”, “Xinjiang Oulite Wire Mesh” каби йирик ишлаб чиқарувчилар ҳам бор.
Очилиш маросими доирасида бир қатор келишувларга эришилиб, ҳамкорлик меморандумларини имзолаш юзасидан музокаралар олиб борилди.
Кўргазма 23 октябрь кунига қадар давом этади.
М.Пирматова, ЎзА