Адабиёт – миллий тилни яшнатадиган куч

125

Ҳар бир миллатнинг ўзига хослиги, тарихий хотираси, маданий бойлиги ва маънавий дунёси аввало унинг тилида намоён бўлади. Тил – бу оддий алоқа воситаси эмас, у миллатнинг руҳий дунёси, тафаккури, менталитети ва қадриятларининг акси. Шу боис, тилнинг бойлиги – миллатнинг бойлиги, унинг йўқолиши эса миллатнинг аста-секин тарих саҳнасидан чиқиб кетишининг бошланиши бўлиши мумкин.

Бугунги глобаллашув даврида ўзбек тили ҳам бошқа кўплаб миллий тиллар каби турли босимларга учрамоқда. Айниқса, ёшлар орасида хорижий тилларга ҳаддан ортиқ мойиллик, ижтимоий тармоқларда сохта замонавийлик ниқоби остида ўз тилидан юз ўгириш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса ўз навбатида миллий ўзликни, маданиятни, тарихий меросни англашга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Аммо бу ҳолатга қарши турган, тилни нафақат асраб қолаётган, балки уни янада гўзаллаштираётган бир куч – бу адабиёт. Адабиёт ҳар қандай миллат тилининг нафислигини, оҳангдорлигини, тасвирий кучи ва эстетик гўзаллигини кўрсатиб берувчи энг қудратли воситадир. Шу маънода, ўзбек адабиёти азалдан ўз тилининг гултожи бўлиб келган.

Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Миртемир, Ўткир Ҳошимов, Тоғай Мурод каби адиблар тилимизнинг энг нозик ва нафис жиҳатларини асарларида ифодалаб, уни тирик ва жозибадор тутишга хизмат қилганлар. Қодирийнинг “Сиз ўшаму?” деган жумласи ўзбек тилининг ифода имкониятлари қанчалик кенглигини, биргина сўз орқали чуқур ҳиссиёт етказиш мумкинлигини кўрсатади. Бу жумланинг ҳар бир товуши муҳаббат, изтироб ва соғинч билан йўғрилган.

Ёки Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” асарининг тили – бу шунчаки сўзлар йиғиндиси эмас, балки ўзбекнинг руҳи, юраги ва ўзига хос дунёқараши. У асарларда нафақат воқеалар, балки тилнинг ички оҳанги, шева ва халқона иборалар, табиат билан уйғунликдаги фикрлар ҳам жонли тасвирланган.

Бугунги адабиёт вакиллари ҳам айнан шу масъулиятни ўз зиммасига олиши керак. Замонавий адиблар нафақат замон муаммоларини ёритиши, балки тилни сақлаб қолувчи, уни бойитувчи ва ёш авлодда тилга нисбатан меҳр-муҳаббатни уйғотувчи асарлар яратишлари лозим. Бу нафақат адабий, балки ижтимоий ва миллий масъулият ҳамдир.

Бугун ёш ижодкорлар орасида тилни ўзгартириш, уни замон руҳига мослаштиришга интилиш кучли. Бу қайсидир маънода ижобий ҳол. Аммо ушбу янгиланиш ўтмишдан узилмаган ҳолда бўлиши керак.

Тилни асраб қолиш – бу маданиятни, тарихни, руҳиятни, миллатни асраб қолиш демак. Ҳар бир ўзбек ўз тилини севиши, у билан фахрланиши ва уни ривожлантириш йўлида ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Адабиёт эса бу йўлдаги энг ёрқин маёқ, руҳлантирувчи кучдир.

Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА