“Уйга бегона одам келди” ҳазили жиддий муаммолар келтириб чиқармоқда

221

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда юзага келган тренд – “уйга бегона одам келди ҳазили” дунё бўйлаб ёшлар орасида кенг тарқалиб, айниқса, ўсмирлар орасида вирусга айланиб кетди. Ушбу ҳазил ўзига хос пранк (ҳазил) шаклида намоён бўлиб, унга кўра ўсмирлар уйга кирган бегона, чигал сочли эркакнинг фотосуратларини, кўпинча сунъий интеллект томонидан яратилган фотосуратларни, ота-оналарга ёки уйдаги бошқа катта вакилларга юборади ва “бегона одам келди” деган хабар билан ваҳимага солади. Бу эса кўплаб оилаларда тушунмовчилик ва ваҳима келтириб чиқариши билан бирга, ижтимоий тармоқларда янги бир “вирус” – нотўғри хабар тарқатиб, кераксиз ҳуқуқ тартибот органларига мурожаатларни кўпайтирмоқда.

Мазкур “ҳазил” ёшларнинг ўйин-кулгуга асосланган эҳтиёжларини тўлдирса-да, унинг оқибатлари жиддий муаммоларни юзага келтирмоқда. Хусусан, АҚШ полицияси ва бошқа давлатларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари бу ҳазилни тўхтатишга чақирмоқда. Чунки кўплаб ота-оналар хаёлий хавф юзасидан фавқулодда хизматлар рақамига кераксиз қўнғироқлар қилишга мажбур бўлмоқда. Бу ҳолат нафақат ҳуқуқ-тартибот идораларининг реал ёрдамига муҳтож бўлган ҳолатларга вақтида етиб боришини сусайтиради, балки фавқулодда хизматлар тизимининг юкини ошириб, барча учун хавфли вазиятларни юзага келтиради.

Бундан ташқари, ушбу пранк инсон соғлиғига жиддий зарар етказиши ҳақида ҳам хавотирлар мавжуд. Масалан, қон босими баланд бўлган ёки юрак-қон томир касалликларига чалинган инсонлар учун кутилмаган ваҳима ва стресс ҳолатлари жиддий соғлиқ муаммоларини юзага келтириши мумкин. Стресснинг кескин ошиши инфаркт ёки инсульт хавфини оширади. Шунинг учун бу каби пранклар фақат кўнгил очишдан ташқари, жиддий соғлиқ муаммоларига ҳам сабаб бўлиши мумкинлиги эътибордан четда қолмаслиги лозим.

Шу билан бирга, пранкларни тарқатувчи ёшлар кўпинча бундай ҳаракатларни тўлиқ англамайдилар. Бу ҳолатда ота-оналар, мактаблар ва жамиятнинг ижтимоий институтлари ёшлар билан самарали мулоқот ўрнатиб, уларни ижтимоий тармоқларда масъулиятли бўлишга, ҳазилларнинг меъёрини билишга ўргатишлари муҳим. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда бундай контентларни чеклаш ва тарғиботини камайтириш учун тегишли чоралар кўрилиши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, “уйга бегона одам келди” каби пранклар ижтимоий тармоқларнинг ижобий ва салбий томонларини яққол кўрсатмоқда. Ушбу тренд ортида ёшларнинг ўзини ифода этиш ва кулгу яратиш истаги ётган бўлса-да, унинг оқибатлари жиддий муаммоларни юзага келтириши аниқ. Шу сабабли, бу каби зарарли пранкларнинг тарқалишини чеклаш ва ёшларни масъулиятли бўлишга ўргатиш бўйича самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарур.

Дилдора ДЎСМАТОВА,

ЎзА