Одам савдосига қарши курашиш ва болаларни меҳнатга мажбурлашнинг олдини олиш

110

Дунёдаги барча давлатлар одам савдосидан жабр кўради. БМТ маълумотларига кўра, одам савдоси қурбонларини аёллар ва болалар ташкил этади.

2010 йил 30 июлда БМТ Бош Ассамблеяси 64/293-резолюцияси билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича БМТнинг Глобал ҳаракат дастури қабул қилинган. Ушбу ҳаракатлар дастурида ушбу жиноятнинг олдини олиш, жабрланганларнинг ҳимояси, жиноятчиларни таъқиб қилиш ва барча йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Одам савдоси кўпинча ноқонуний равишда чет элларга бориб меҳнат фаолияти билан шуғулланиш туфайли юзага келмоқда. Ноқонуний меҳнат миграцияси натижасида мамлакат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш, божхона ва солиқ қонунчилигини қўпол равишда бузиш каби салбий ҳолатлар юз бермоқда.

Жиноятчилар, уюшган жиноий гуруҳлар ўз ватандошларининг соддалиги, ишонувчанлиги ва етарли маълумотга эга эмаслигидан фойдаланиб, уларни қулликка гирифтор қилмоқда. Натижада, алданган фуқароларимиз ҳам жисмоний, ҳам руҳий азобларга дучор бўлмоқда. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасига кўра, ҳеч ким қийноққа, зўравонликка, шафқатсизликка ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.

Одам савдоси инсоният цивилизациясига, жамият тараққиёти ва давлатлар равнақига жиддий хавф туғдиради. Шу сабабли, уюшган жиноятчилик, хусусан, халқаро терроризм, наркобизнес, қурол-яроғларни ноқонуний сотиш билан боғлиқ ўта оғир жиноятлар қаторида одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши кураш бугун жаҳон ҳамжамиятининг долзарб муаммоси бўлмоқда.

Баъзи одамларнинг соддалиги ва ишонувчанлиги туфайли моддий муаммоларни тез ҳал қилиш истаги, осон иш топиш, тез бойиш, кетиш орзуси, етарли ҳуқуқий билимга эга эмаслиги, лоқайдлиги трансмиллий жиноий гуруҳларнинг ихтисослашувига сабаб бўлмоқда.

Одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёки мажбурлашнинг бошқа шаклларидан фойдаланиш, ўғирлик, алдаш, фирибгарлик, ҳокимиятдан фойдаланиб ёки вазиятнинг беқарорлигидан фойдаланиб ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг рухсатини олиш учун бойлик ёки манфаат эвазига оғдириб олиш йўли билан одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш.

Бугунги кунга келиб одам савдосининг кенг тарқалишига, яъни одамни қандайдир товар сифатида, бошқача айтганда одамни олди-сотди қилишнинг объекти сифатида фойдаланилиши, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг оёқ ости қилинишига қуйидагилар сабаб бўлмоқда:

Одам савдоси каби ноқонуний фаолият тури бир ёки бир неча аъзодан иборат гуруҳларнинг кўп бойлик манбаига айланиб бораётгани, яъни уларнинг ҳеч қандай оғир ва машаққатли меҳнатларсиз осон даромад олишга уринаётгани; Одам савдосининг қурбонига айланаётган одамларнинг соддалиги, ўзининг, яқинларининг тақдири ва келажагига бефарқлиги, бефарқлигидир. Яъни энг олий бойлик ҳисобланган эркин ҳаёт тушунчасига енгил ва эътиборсиз қарашлари оқибатида ушбу одам савдоси билан шуғулланувчи жиноятчиларнинг ўлжасига, аниқроғи уларнинг осон даромад манбаига айланиб қолмоқда;

Одам савдосини амалга оширувчи жиноятчи шахслар ўзларининг танишлари, яқин қариндошларига, яъни уларнинг ишончига кириб олиб, уларнинг одам савдоси қурбонига айланиб қолишига сабаб бўлаётганида;

Одам савдосининг қурбони бўлаётган одамларнинг ор-номус қилиб, кўрган хўрликлари, уларга нисбатан қўлланилган турли жисмоний ёки руҳий тазйиқлар ҳақида ёки ўзининг ноқонуний меҳнат фаолиятини амалга оширганлигидан қўрқиб булар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермаслиги.

Инсоният тарихида одам савдосига қарши кураш XIX асрнинг охири ва XX асрнинг бошларида аёлларнинг Европадан Америка ва Шимолий Африка қитъасига кенг кўламли миграцияси ҳамда аёлларни Европага сотиш ҳодисаси кузатилган. Бу ҳодисани бартараф этиш мақсадида Парижда 1902 ва 1910 йилларда иккита конференция ўтказилиб, «Оқ қуллар савдосига қарши кураш» номли бутун жаҳон Конвенцияси қабул қилинган.

Кейинчалик, ушбу конвенция «Аёллар ва болалар савдосини йўқ қилиш» ва «Вояга етмаган аёллар савдосини йўқ қилиш» номли бутун жаҳон Конвенциялари билан тўлдирилган. Одам савдоси муаммосига қарши курашнинг кейинги тарихий жараёнлари аста-секин ривожланиб, 1948 йилда «Инсон ҳуқуқлари» умумжаҳон декларацияси қабул қилинди. Шундан сўнг, «Инсон ҳуқуқларининг Европа Конвенцияси,» «Қуллик тўғрисида»ги Конвенция, «Қулликни йўқ қилиш амалиёти тўғрисида»ги қўшимча Конвенция, «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенция, «Аёлларга нисбатан дискриминациянинг ҳар қандай кўринишларига қарши кураш тўғрисида»ги Конвенция қабул қилиниб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўлланила бошланди.

БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллиондан ортиқ одам одам савдоси қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноят натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Хавотирлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёллар ва болалардир. ✓ ҳар йили дунё бўйича 600-800 минг аёл ва бола алдов йўли билан чет элларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 17 апрелдаги «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинган. Қонунга мувофиқ, одам савдосига қарши курашиш одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш фаолиятини ўз ичига олади.

Конституциямизда айтилганидек, инсон дахлсиздир. Унинг шон-шуҳратини, қадр-қимматини оёқ ости қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бироқ, инсон дастлаб ўз ҳуқуқларини тўлиқ англаб етмас экан, ҳар қандай кўламдаги чора-тадбирлар етарлича самара бермаслиги асосий масала бўлиб қолмоқда.

Мухтасар айтганда, одам савдоси жиноятига қарши кураш бугунги дунё ҳамжамиятининг энг долзарб муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Мамлакатимизнинг жаҳон майдонидаги обрў-эътиборини юксалтириш, унинг мавқеига путур етказадиган одам савдоси каби иллатлардан асраш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз бўлиши керак.

Н.Тоиров,

Фуқаролик ишлари бўйича Беруний

туманлараро судининг судьяси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги