Илк бор “Ўзбек тилидаги спорт атамаларининг изоҳли луғати” яратилди

Мамлакатимизда спорт соҳаси ва ўзбек тили ривожи йўлида яна бир муҳим қадам қўйилди — илк бор “Ўзбек тилидаги спорт атамаларининг изоҳли луғати” нашр этилди. Луғат Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамкорлигида тайёрланган.
Луғатда Ўзбекистонда оммалашган 20 га яқин спорт турига оид минглаб атамалар илмий асосда изоҳланган. Жумладан, футбол, шахмат, бокс, таэквондо, каратэ, бадиий гимнастика, қиличбозлик, енгил ва оғир атлетика, от спорти каби соҳалар қамраб олинган.
Таъкидлаш жоизки, мазкур луғат ўзбек тилида спорт атамаларининг тизимлашган, илмий асосланган ва аниқ изоҳланган биринчи мукаммал нашри саналади. Унда нафақат спорт, балки спорт тарихига оид атамалар, спорт анжомлари, федерация ва ташкилотлар номлари ҳам қамраб олинган.

Ушбу луғатнинг яратилиши Президентимизнинг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгилаб берилган вазифалар ижросининг амалий ифодаси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Шунингдек, 2022 йил 3 ноябрда қабул қилинган «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш ҳамда илмий тадқиқотлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони талаблари асосида спорт соҳасида лингвистик ахборот базасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
– Ушбу луғат спорт мутахассислари, Жисмоний тарбия ва спорт университети талабалари, спорт журналистлари, тилшунос олимлар, докторант ва магистрлар, шунингдек, спорт атамалари билан ишловчи барча учун қимматли қўлланма бўлиб хизмат қилади, – дейди филология фанлари бўйича фалсафа доктори Мухлиса Собирова. – Луғатнинг босма нашри билан бир қаторда унинг замонавий рақамли шакллари ҳам яратилди. Фойдаланувчилар учун www.sportatamalari.uzвеб-сайти ва “Sport atamalari” номли мобил илова ишлаб чиқилиб, интернет тармоғига жойлаштирилди.
Лойиҳага филология ва спорт соҳасининг етакчи мутахассислари жалб этилган бўлиб, лойиҳа раҳбари Мухлиса Собирова, таҳрир ҳайъати Дурдона Худойберганова, Юлдуз Ортиқова, Муюссар Сапарниёзова, Дурдона Лутфуллаева, Манучеҳр Ибрагимов, Феруза Манукян, Нафиса Мўминова ва Азиза Аҳмедовадан иборат.
Лола Тоштемирова, ЎзА