Буюк Британиянинг Вестминстер университети президенти Олимпия шаҳарчасининг имкониятларини эътироф этди

65

Мамлакатимизга ташриф буюраётган хорижий давлатларнинг вакиллари, халқаро ташкилотларнинг мутасаддилари учун пойтахтимизда барпо этилган Олимпия шаҳарчаси билан танишиш одат тусига айланди.

Қисқа фурсатда бунёд этилиб, ўз фаолиятини бошлаган 100 гектардан ошиқ майдонни қамраб олган спортчилар масканида бугунги кунда турли спорт турлари бўйича ўқув-машғулотлар, халқаро мусобақалар, ўртоқлик учрашувлари, биринчиликлар тизимли тарзда ташкил этилмоқда.

Куни кеча юртимизга келган дунёдаги нуфузли олий таълим муассасаларидан бири Вестминстер университетининг президенти, профессор Питер Бонфилд Олимпия шаҳарчасидаги «Велодром», «Марказий ўйингоҳ», «Сув спорти», «Жамоавий спорт турлари» ва «Яккакураш спорт турлари» бинолари ва уларда яратилган шароитлар билан танишди. Ўзбекистон Олимпия ўйинлари даражасидаги нуфузли комплекс спорт ўйинларини қабул қила олиш қудратига эга мамлакат даражасига кўтарилиб бораётганини эътироф этди.

Спорт вазири ўринбосари Ш.Маҳмудов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби О.Қосимов, Тошкент шаҳридаги халқаро  Вестминстер университети ректори К.Каримов ҳамда хорижий делегация вакиллари иштирокида ўтказилган учрашувда мамлакатимизда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган натижалар, спорт таълими йўналишидаги кенг кўламли ишлар тўғрисида маълумотлар бериб ўтилди.

Дўстона ўтган мулоқот жараёнида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, янгича лойиҳалар юзасидан кўп қиррали муносабатларда изчилликка эришиш борасида таклифлар илгари сурилди.

Т.Рўзиев, ЎзА