Миллий кинология марказида “Хотира мажмуаси” бунёд этилди

Миллий кинология марказида яқинда “Хотира мажмуаси” фойдаланишга топширилди.
Мажмуа очилиш маросимида Божхона қўмитаси раҳбарияти, марказ ташкил этилишида ҳисса қўшган фахрийлар, шахсий таркиб ва марҳум кинологларнинг оила аъзолари иштирок этди.


Тадбирда Божхона қўмитаси раиси А. Мавлонов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Президентимиз томонидан Божхона тизимига кўрсатилаётган юксак эътибор натижасида Миллий кинология марказида ҳам кенг кўламли қурилиш ва тизимли янгиланиш ишлари амалга оширилаётганини қайд этди.


Жаҳон Божхона ташкилотининг минтақавий мақомига эга ушбу марказда сўнгги уч йил давомида Божхона органларининг 460 нафар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идораларнинг 210 нафар, шунингдек, хорижий давлатларнинг 50 нафар кинологлари таълим олди.


Ҳозирда марказ Туркия, Жанубий Корея, Озарбайжон, Қозоғистон, Латвия, Литва, Буюк Британия ҳамда Россия Божхона органларининг кинология хизматлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Божхона органларида хизмат итлари ёрдамида 2023–2024 йиллар ҳамда жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида 10 тоннадан зиёд гиёҳвандлик воситалари ва 44 килограмм кучли таъсир қирувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Бу натижаларга эришишда Миллий кинология марказининг фаолияти билан бир қаторда, марҳум кинологларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Шу боис марказ ҳовлисида қад ростлаган “Хотира мажмуаси” уларнинг хотирасини абадийлаштириш ва эҳтиром билан ёд этиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Маросимда рамзий тасма кесилиб, мажмуа очилди. Кинолог ва унинг садоқатли ити акс этган ҳайкал поясига гулчамбарлар қўйилиб, марҳум кинологлар хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
Эслатиб ўтамиз, 24 октябрь куни Миллий кинология маркази ташкил этилганига 29 йил тўлади. Шу муносабат билан тадбир давомида бир гуруҳ фидойи ходимлар Божхона қўмитаси раиси томонидан фахрий ёрлиқлар ва совғалар билан тақдирланди.
Тадбир иштирокчилари марказнинг ўқув-ўргатув фаолияти, ихтисослаштирилган ветеринария хизмати, туғруқ комплекси ва “Кинология тарихи” музейи билан яқиндан танишишди.
Малакали кинологлар ва уларнинг хизмат итлари томонидан намойиш этилган амалий машғулотлар ҳамда кўргазмали чиқишлар меҳмонларда ўзига хос таассурот уйғотди.
Ш. Маматуропова, ЎзА