Ўзбекистонлик талабалар Халқаро кимё олимпиадасида ғолиб бўлди

104

Жорий йилнинг 14–17 октябрь кунлари Ашхобод шаҳридаги Махтумқули номидаги Туркманистон давлат университетида IV Халқаро кимё олимпиадаси ҳамда кимё фанини ўқитиш бўйича халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Мусобақада 12 та давлатдан 260 нафарга яқин иштирокчи қатнашди. Ўзбекистон делегацияси таркибида Бухоро давлат университети, Бухоро давлат техника университети, Қарши давлат университети ва Осиё халқаро университети талабалари иштирок этди.

Ўзбекистон жамоаси 4 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза медалини қўлга киритди. Шунингдек, ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар томонидан талабалар учун маҳорат дарслари ўтказилди.

Ўзбекистон талабаларининг бу ютуғи нафақат уларнинг билим ва изланишларга бўлган муҳаббатини, балки юртимизда илм-фанга берилган юксак эътибор самарасини ҳам яққол намоён этди.

Нигора Раҳмонова,

ЎзА