Замонавий судларда суд экспертизасининг тутган ўрни

Қорақалпоғистон Республикаси судида Х.Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза марказининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими экспертлари Д.Таджиев ва У.Рустамовалар иштирокида семинар ташкил этилди.
Тадбирда республикамизда фаолият юритаётган судьялар ва суд тизими ходимлари иштирок этди.
Семинарни ўтказишдан асосий мақсад суд амалиётида экспертиза фаолиятининг аҳамиятини ошириш, суд ходимларининг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, соҳадаги сўнгги янгиликлар билан таништиришдан иборат бўлди.
Семинар давомида иштирокчиларга суд лингвистикаси соҳаси ҳақида батафсил маълумот берилиб, экспертлар унинг тадқиқот объектлари, шунингдек, сўз ва матн таҳлили орқали суд жараёнларида далилларнинг ишончлилигини аниқлашдаги аҳамияти ҳақида тушунчалар берди.
Тадбирда суд лингвистикаси орқали турли хатлар, маърузалар ёки электрон ёзишмалардаги маънони аниқ таҳлил қилиш имконияти ошиши таъкидланди.
Шунингдек, тадбирда суд ҳужжатларини интеграция тизими орқали юбориш тартиби, унинг афзалликлари ва электрон ҳамкорлик натижаси ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Ушбу тизим суд қарорларини тезкор, аниқ ва хавфсиз тарзда етказишни таъминлаб, суд фаолиятини янада шаффоф ва самарали қилиши таъкидланди.
Экспертлар суд-ер экспертизаси тушунчаси, унинг қўлланилиш соҳалари ва амалий аҳамияти ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга, экспертиза харажатларини ҳисоблаш тартиби, уларни суд ишларини юритишда тўғри қўллаш механизмлари бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августда қабул қилинган 140-сонли Фармонининг аҳамиятига ҳам алоҳида тўхталиб, ушбу ҳужжатда суд-ҳуқуқ тизимида рақамлаштириш жараёнларини янада чуқурлаштириш, ахборот технологияларини жорий этиш орқали тизим самарадорлигини ошириш вазифалари белгилаб берилган. Экспертлар ушбу Фармон суд ишларини юритишда замонавий ахборот ечимларини жорий этишда янги босқични бошлаб берганини таъкидлади.
Тадбир якунида семинар иштирокчилари маърузачиларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, судьялар ва суд ходимлари экспертизаларни тайинлаш, уларнинг натижаларини баҳолаш ва замонавий рақамли ечимлардан фойдаланиш бўйича экспертлардан аниқ ва илмий асосланган жавоблар олди.

Семинар суд тизими ходимларининг билим ва малакасини ошириш, суд экспертизаси соҳасидаги янгиликлар билан таништириш ва рақамлаштириш жараёнларини амалиётга кенг жорий этиш йўлида муҳим аҳамият касб этди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси