Тозалик ойлиги қизғин давом этмоқда

97

Президентимиз топшириғига кўра, 15 октябрдан бошлаб бутун республикамизда тозалик ойлиги ўтказилмоқда.

Ойлик давомида барча маҳаллалар, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, кўчалар, яшаш пунктлари ҳудудларида тозалик тадбирлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, волонтёрлар, ёш эко-фаоллар иштирокида турли тозалик акциялари, плоггинглар ташкил этилмоқда.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Прокуратураси, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Миллий гвардия ва Ички ишлар ходимларидан иборат махсус штаблар ташкил этилди. Ушбу штаблар томонидан шаҳар ва туманларда қатъий экологик назорат ўрнатилди ва жамоатчиликка кундалик тарзда маълумот бериб борилмоқда.

Қолаверса, ойлик давомида экологик ҳуқуқбузарликларга қарши мунтазам равишда рейд тадбирлари амалга оширилмоқда. Хусусан, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш жавобгарликка сабаб бўлиши эслатиб ўтилиб, аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Маъмурий кодексининг тегишли моддасига асосан, ҳуқуқбузарларга баённома расмийлаштирилмоқда ва жарималар белгиланмоқда.

Тадбирнинг асосий мақсади – атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндиларнинг ноқонуний ташланишига барҳам бериш ва аҳолининг экологик маданиятини оширишдан иборат.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги