«Руҳий етим” болалар
Буюк Британияда 2018 йилда “Ёлғизлик вазирлиги” тузилгани бежиз эмас. Англия ҳукумати “ёлғизлик эпидемияси”га қарши курашиш учун махсус вазирликни ташкил этишга мажбур бўлган. Чунки ҳар учта инсондан бири ўзини “қалбан ёлғиз” деб ҳис қилган. Бу ҳолат меҳр ва инсонлараро алоқанинг етишмаслиги давлат миқёсидаги муаммога айланганини кўрсатади.
Демак, инсонлар ўртасидаги меҳрсизлик — фақат шахсий муаммо эмас, балки жамият, миллат даражасидаги оғриқли масала.
Оддий бир мисол. Атрофга боқинг: 30 ёшга ҳам тўлмаган аёл уч нафар боланинг онаси. Қайнонаси ёки турмуш ўртоғи “бола ризқи билан туғилади”, дея уни яна фарзандли бўлишга ундайди. Натижада болалар орасидаги ёш фарқи 6-7 ойдан ошмайди. Бундай вазиятда табиийки, биринчи фарзандга эътибор, меҳр камаяди. Болага доимо укаси ёки синглисига қараши кераклиги уқтирилади.
Баъзан иккинчи ёки учинчи фарзандлар ҳам адолатсиз муносабат қурбони бўлади. Улар акасининг кийимини кияди, унинг ўйинчоғини ўйнайди, ўз хоҳишларига эътибор берилмайди. Шунинг натижасида болада “менга ҳеч ким қарамайди”, “мен ортиқчаман” деган фикр пайдо бўлади. Бу туйғулар катта ёшда севги ва меҳрни тўғри ифода этиш қобилиятини ҳам заифлаштиради.
Психологларнинг фикрича, бола ҳаётининг дастлабки 5 йилида етарлича меҳр олмаса, катта бўлгач, ўзига бўлган ишонч ҳисси суст бўлади. Агар ёш оилалар фарзандлар орасидаги туғилиш вақтини тўғри режалаштиришса, ҳар бир бола етарли меҳр ва эътибор билан ўсади.
Психологларнинг таъкидлашича, болаликдаги меҳр етишмовчилиги инсон қалбида чуқур руҳий жароҳат қолдиради. Бу жараён катта ёшда ҳам ўз таъсирини йўқотмайди. Масалан, АҚШдаги Гарвард Университетининг 2020 йилги тадқиқотига кўра, болаликда меҳр ва эътибор етишмаган инсонларда катта бўлгач депрессия хавфи 40 фоизга, агрессия даражаси эса 2,5 бараварга юқори бўлар экан.
Ўзбекистонда ҳам бу ҳолатни турмушдаги мисолларда кўриш мумкин. Кўплаб оилаларда ота ёки она меҳнат миграцияси сабабли узоқда бўлади, бола эса бувиси ёки қариндошлари қўлида ўсади. У моддий томондан таъминланган бўлса-да, руҳий етимлик ҳолатида яшайди. Шунинг учун ҳам у катта бўлиб жамиятда ҳиссиз, бефарқ ва меҳрсиз шахс сифатида шаклланади.
Меҳрсизлик нафақат болаликда, балки катталар ҳаётида ҳам ўзининг оғир изини қолдиради.
Маълумотларга кўра, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда ажримлар сони 40 фоизга кўпайган, сабаблар ичида “бир-бирига эътиборсизлик” биринчи ўринлардан жой олган. Демак, оилада сўзлашиш, тинглаш ва ўзаро ғамхўрлик маданияти йўқолганда муҳаббат ҳам, ишонч ҳам сўнади. Бу эса оилавий муҳитдаги меҳрсизликнинг очиқ ифодасидир.
Меҳрсиз муҳит фақат оила билан чегараланиб қолмайди — унинг таъсири бутун жамиятга ёйилади. БМТнинг 2022 йилги ҳисоботида қайд этилишича, ёшлар орасидаги зўравонлик ва қўпол хатти-ҳаракатлар, айниқса, меҳр ва назорат етишмаган муҳитда ўсганларда анча юқори. Маълумотларга кўра Лондонда сўнгги беш йилда ёшлар ўртасида содир бўлган ножўя хатти-ҳаракатларнинг 70 фоизи тарбияда меҳрсиз муҳит таъсири билан боғлиқ бўлган.
Бунинг илдизи — уйдаги меҳрсизлик ва муҳаббат етишмаслигида. Демак, меҳрсиз муҳитда ўсган бола нафақат ўз ҳаётини, балки бутун жамиятдаги муносабатлар мувозанатини ҳам бузиши мумкин.
Аслида меҳрсизлик — кўзга кўринмас, лекин жамиятнинг энг оғриқли дарди. Агар ота-она боласини тингламаса, меҳр ўрнини сукут эгаллайди. Шу сукутдан эса нафрат, бефарқлик ва ёлғизлик туғилади.
Шунинг учун меҳрни бошқадан кутмайлик. Аввало, ўзимиздан бошлайлик — уйимизда, ишимизда, кўчада. Чунки меҳр бор жойда тинчлик бор, меҳр бор юракда умид бор.
Нигора Раҳмонова, ЎзА