Янги корхона ишга тушди

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида кўплаб корхоналар ўз фаолиятини бошламоқда. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Кегейли туманида мош маҳсулотини қайта ишлашга ихтисослашган «GLOBAL EXPORT» номли янги корхона ўз ишини бошлади. Ушбу корхона замонавий технологиялар асосида, хусусан, Хитой ва Туркиядан келтирилган ускуналар ёрдамида, ҳар йили ишлаб чиқариш салоҳиятидан келиб чиқиб, 2000-3000 тоннагача мош маҳсулотини қайта ишлаш имкониятига эга. Қайта ишланган маҳсулотлар асосан экспортга йўналтирилади.
Бу ерда маҳсулотлар халқаро талабларга мувофиқ тозаланади, ранги ва ҳажмига қараб калибрланади, текисланади, сўнг қадоқланиб, хорижга экспорт қилинади. Албатта, маълум бир қисми ички бозорга ҳам етказиб берилади.

Бугунги кунда «GLOBAL EXPORT» нафақат қайта ишлаш билан бирга, деҳқон ва фермерлар учун қулай хизматларни ҳам таклиф этмоқда. Улар далаларда етиштирилган мош ҳосилини йиғиб олиб, қайта ишлайди ва сотиб олади. Бу эса қўл меҳнатини анча енгиллаштириб, маҳсулот сифатини оширади ва деҳқонларнинг даромадини кўпайтиришга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги