Ўзбекистонда энг кўп уй-жой хариди амалга оширилган ҳудудлар эълон қилинди
“Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” акциядорлик жамияти 2025 йилнинг II чораги давомида мамлакатда уй-жой бозорида фаоллик юқори бўлганини маълум қилди.
Компания маълумотларига кўра, қайта молиялаштирилган портфель доирасида жами 21 минг 949 та ипотека кредити ажратилган.
Квартира бозорида энг кўп харидлар Тошкент шаҳрида амалга оширилган — 4 минг 913 та квартира сотиб олинган.
Шунингдек, Тошкент вилояти, Навоий вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳам етакчи ҳудудлар қаторида қайд этилган. Ҳовли уйлар бозорида эса етакчиликни Қорақалпоғистон Республикаси (928 та) ва Хоразм вилояти (797 та) сақлаб турибди. Шу билан бирга, Андижон, Тошкент вилояти ва Фарғона вилоятида ҳам уй-жой харидлари сони анча юқори бўлган.
Уй-жой бозоридаги фаоллик мамлакат бўйлаб ипотека кредитлаш имкониятларининг кенгайиши ва аҳолининг турар жой шароитини яхшилашга бўлган қизиқиши билан изоҳланмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА