Германия дунёдаги биринчи вертикал сузувчи қуёш электр станциясини ишга туширди

93

Германиянинг «SINN Power» компанияси ички сувда тоза энергия ишлаб чиқариш концепциясини ўзгартира оладиган ноёб вертикал сузувчи қуёш электр станциясини фойдаланишга топширди.

Хориж оммавий ахборот воситалари хабар беришича, ушбу мажмуа Бавариянинг Старнберг минтақасидаги Яйс шағал конида жойлашган. Қурилма қуввати 1,87 МВт, бу юзлаб хонадонни ток билан таъминлаш учун етарли. Панел кўл ҳудудининг атиги 4,65 фоизини эгаллаган.

– Мазкур инновацион лойиҳанинг биринчи босқичида тармоқдаги энергия сарфини одатий истеъмол даражасига нисбатан қарийб 60 фоиз камайтириш имконини берди, – дейди «Kies- und Quetschwerk Jais» компанияси директори Готтфрид Жэйс. – Тизим такомиллаштирилгач, қуёш энергиясининг умумий самарадорлиги 70 фоизга етди.

«Skipp-Float» тизими қуёш панелини вертикал тарзда шарқдан ғарбга йўналтиради ва анъанавий горизонтал ҳолатдан фарқли ўлароқ, кун давомида энергия ишлаб чиқариш имконини яратади.

Панеллар бир-биридан тўрт метрли сув йўлаклари билан ажратилган бўлиб, ёруғликни акс эттиради ва табиий ҳаво айланишини таъминлайди.
– Жараён жуда оддий, ер талаб қилинмайди, тизим ишлаб чиқариш билан мукаммал уйғунлашади, – дейди мутахассис. – Асосан кундузи, айниқса март-декабрь ойлари, қуёшли кунда фаол ишлайдиган станциянинг тузилиши кемани эслатади: 1,6 метр чуқурликда ўрнатилган модуллар шамол ва ўзгарувчан сув сатҳи таъсирида эркин ҳаракатлана олади.
Энергия кўл экотизимини бузмасдан, сузувчи сим ва қирғоқ уланиш нуқтаси орқали тармоққа узатилади.
Дастлабки экологик мониторинг мажмуа атроф-муҳитга зарар етказмаслигини кўрсатди. Аксинча, сузувчи иншоот атрофидаги сув сифати яхшиланди, балиқлар, сув қушлари учун янги табиий яшаш жойи ҳосил бўлди.
– Энергияни сақлаш ва алмашиш жараёнини диққат билан кузатиб борамиз, тез орада янада тежамкор ва самарали ечимлар топилишига умид қиламиз, – дея хулоса қилди Жэйс.

Гўзал Сатторова, ЎзА