Республика архивларига жами 500 мингга яқин сўров келиб тушган
Миллий матбуот марказида “Ўзархив” агентлиги томонидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда архив соҳасини рақамлаштириш, фуқароларга хизмат кўрсатиш, норматив база яратиш, халқаро ҳамкорлик ва давлат назорати йўналишларида эришилган асосий натижалар ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикасида архив ишини ривожлантиришнинг 9 ойига мўлжалланган режаси 21 та кўрсаткичлар бўйича бажарилиб, шундан 20 та кўрсаткич бўйича ошириб бажарилган.
Жумладан, “Ўзархив” агентлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг “Хизмат доирасида фойдаланиш учун белгиланган ҳужжатлар билан ишлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
9 ойда давлат архивлари томонидан 99,1 минг сақлов бирлигидаги 12,8 миллион кадр, бугунги кунга қадар жами 1 миллион 200 минг сақлов бирлигидаги 94,5 миллион кадр архив ҳужжатларининг электрон нусхалари яратилди. Шунингдек, 9 минг 560 та бошқарув, 955 та шахсий таркиб, 71 та сақлаш муддати вақтинча бўлган ҳужжатлар рўйхатларининг электрон нусхалари яратилди.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон миллий архивлари ва давлат архивлари томонидан “Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларнинг ягона сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш” ахборот тизимига жами 999 минг 374 та, шундан, 229 та фонд, 1 минг 175 та рўйхат, 276 минг 400 та сақлов бирлиги, 721 минг 500 та ҳужжат тўғрисидаги маълумотлар киритилди.
Шунингдек, 9 ой давомида республика архивларига 405 минг 164 та мавзули ва ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар келиб тушган. Жумладан, ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар 332 минг 63 тани ташкил этиб, шундан давлат архивларига 169 минг 633 та, шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивларига 162 минг 430 та келиб тушган.
Архив ҳужжатлари асосида 226 минг 222 та ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар ижроси бажарилиб, улардан 212 минг 487 таси ижобий, 13 минг 735 таси бўйича эса тегишли тушунтиришлар берилган. Ташкилот ҳужжатлари архив сақловига келиб тушмагани ва тааллуқлилиги бўйича тегишли ташкилотларга юборилган сўровлар 90 минг 829 тани, ҳисобот даврида ижродагилар 15 минг 12 тани ташкил этади.
Келиб тушган мавзули сўровлар 73 минг 101 тани ташкил этиб, улардан 68 минг 172 таси ижобий бажарилган, 4 минг 929 тасига ташкилот ҳужжатлари архив сақловига келиб тушмагани бўйича тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, 282 та давлат органи ва ташкилотларида архив иши ва иш юритиш ҳолати устидан давлат назорати тадбирлари ўтказилди. Давлат назорати тадбирлари натижасида 262 та ташкилотга кўриб чиқиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритилди, текширишда аниқланган қонунбузилишлари бўйича 62 нафар масъул ходимга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли суд органларига юборилди.
Озарбайжон Республикаси Боку шаҳрида “Ўзбекистон-Озарбайжон алоқалари архив фото ҳужжатларида” китоб-альбомининг тақдимоти ва “Ўзбекистон ва Озарбайжон – икки қардош халқ” мавзусидаги архив ҳужжатлари кўргазмаси ўтказилди.
Гулноза Бобоева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА