Биргаликда ҳаракат қилсак, гендер тенглик орзу эмас, балки ҳаётий ҳақиқатга айланади

Пекин шаҳрида бўлиб ўтган Аёллар бўйича Глобал етакчилар йиғилиши гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга қаратилган халқаро майдон сифатида эътибор қозонди. Мазкур тадбир 30 йил аввал, 1995 йил Хитойда ўтган БМТ Тўртинчи жаҳон хотин-қизлар конференциясининг давоми сифатида ташкил этилди. Анжуманда қабул қилинган Пекин декларацияси ва ҳаракат платформаси аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, гендер тенглик ва ижтимоий ривожланишни таъминлаш бўйича жаҳон миқёсидаги асосий ҳужжатга айланди.
Йиғилишда рақамли тенгсизлик, иқтисодий имконият, аёлларнинг давлат бошқаруви ва қарор қабул қилиш жараёнидаги иштироки каби мавзулар муҳокама қилинди. Саммитда ХХР Раиси Си Цзиньпин нутқ сўзлади. У 2015 йил БМТ минбаридан ҳам аёллар ривожи билан иқтисодий тараққиёт уйғун бўлиши кераклигини таъкидлаган эди.

Соҳа вакиллари сўзларига кўра, сўнгги йилларда дунё бўйлаб аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича улкан ўзгаришлар кузатилган. Хусусан, оналар ўлими даражаси учдан бир қисмга камайган. Аксарият мамлакатлар парламентида аёллар сони икки баробар ортган. 30 йил аввал бор-йўғи 12 давлатда 354 та зўравонликка қарши қонун мавжуд бўлган. Ҳозир эса 193 давлатда жами 1 583 та гендер зўравонликка қарши қонун қабул қилинган.
Хитойда ҳам аёллар олий таълим муассасалари, илм-фан соҳаси ва тадбиркорликда фаол. Мамлакат қонунчилиги ва сиёсий тизими аёллар учун қулай муҳит яратади.

Хўш, бу борада Ўзбекистонда мавжуд вазият қандай? Халқаро саммитда иштирок этган Ўзбекистон делегацияси вакиллари томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида “Инсон қадри”ни улуғлаш тамойили асосида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз тараққиёт стратегиясида оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлашга қаратилган устувор йўналишлар асосий мақсад сифатида белгиланган. “Ўзбекистон-2030” стратегиясида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатини таъминлаш, жумладан иқтисодий фаоллигини ошириш бўйича аниқ мақсадлар белгиланган Ўзбекистон модели изчиллик билан жорий этилмоқда.
Барқарор ривожланиш мақсадида 2030 йилгача гендер тенгликни таъминлаш стратегияси амалга оширилиши туфайли давлат ва жамият бошқарувида аёллар улуши 35 фоиздан ортди. Оила фаровонлигида уй-жой билан таъминлаш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшлар, айниқса қизларни таълимнинг барча босқичларида қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар яратиш бўйича давлат дастурлари самарали тизимга айланди. Бу борада мамлакатимизда Оила фаровонлигига эришиш миллий дастури ишлаб чиқилди.
Сўнгги йилларда мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга кўтарилди. Хотин-қизларнинг олий таълим билан қамрови 54 фоизга етди. Бу жараёнда ижтимоий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларга давлат томонидан алоҳида ёрдамлар ажратилиб, давлат гранти икки баробар, олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар учун квота беш баробар оширилди.
Аёллар учун фоизсиз таълим кредитлари жорий этилиб, магистратурада таълим олиш тўлови давлат бюджети ҳисобидан, қайтариш шартисиз қоплаб берилмоқда. Бунинг натижасида олийгоҳларда магистрларнинг 64 фоиздан кўпини хотин-қизлар ташкил этмоқда.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалга оширилиб, “Маҳаллабай” ишлаш тизими орқали ҳар бир хонадон, ҳар бир оила билан инвидидуал ишланмоқда, аёллар даромадини ошириш учун зарур ресурслар ажратилмоқда.
Шу билан бирга дунёда ҳамон 600 миллиондан зиёд хотин-қиз можаролар таъсирида, 2 миллиарддан зиёд аёл ижтимоий ҳимоясиз ҳолда яшамоқда. Бу эса узлуксиз ҳаракат, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни талаб қилади. Аёллар ўз келажагини белгилайдиган ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқарадиган дунё қуриш – барчамиз учун умумий мақсад. Шу маънода Пекиндаги анжуман ҳам аёллар ҳуқуқи инсон ҳуқуқининг ажралмас қисми эканини намоён этди.
Муҳайё Тошқораева, Искандар Исматов (видео), ЎзА
Пекин, Хитой